Иқтисодиёт | 10:52 / 21.11.2019
5220
3 дақиқада ўқилади

Корея фонд биржаси Ўзбекистон бозорида фаол позицияни эгалламоқчи

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

Давлат активларини бошқариш агентлигида Корея фонд биржасининг стратегик режалаштириш бўйича директори Сон Юн Хун бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатулла Бекенов ва Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров иштирок этди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори меҳмонларни мамлакатдаги хусусийлаштириш дастурлари ва давлат корхоналарини бутунлай хусусийлаштириш бўйича шакллантирилган режалар билан таништирди.

Барча давлат корхоналари босқичма-босқич хусусий секторга таклиф этилиши, давлатнинг қисман иштирокини фақат стратегик корхоналарда сақлаб қолиш кўзда тутилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Катта миқдордаги акциялар ва корхоналарни бозорга таклиф этиш орқали биринчи навбатда маҳаллий фонд бозорини ривожлантириш, шу асосда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини хусусийлаштириш жараёнларига фаол жалб этиш лозимлиги қайд этилди.

Бу жараёнда фонд биржасининг самарали инфратузилмаси талаб этилиши, биржа фаолиятига замонавий технологиялар, бошқарув усуллари ва мавжуд ечимларни жорий этиш ўта зарурлиги таъкидланди.

Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги

Меҳмонлар ҳам Корея биржаси маҳаллий бозорда етарлича самарали фаолият юритиши, Корея бозоридаги турғунлик ва ўсишнинг пастлиги оқибатида ривожланаётган мамлакатлар бозорида муносиб ўрин эгаллашга интилиши, Ўзбекистонда фонд бозори жуда катта истиқболга эга эканини эътироф этди.

Шунингдек, биржа фаолиятини фаол ривожлантириш учун “Тошкент” республика фонд биржаси капиталидаги улушини назорат пакетигача ошириш режалаштирилганлиги, янги дастурий таъминотлар ҳамда экспертларни жамоа таркибига олиб келиш истагида эканлигини маълум қилди.

Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент республика фонд биржаси акциядорлик жамияти устав капиталида давлат улуши 50 фоиз плюс бир дона акцияни, Корея фонд биржаси улуши 25 фоиз минус бир дона акцияни ташкил этади. Қўшимча равишда, 4 та тижорат банклари фонд биржасининг бир хилда 6,25 фоиздан акцияларга эгалик қилади. 

Мавзуга оид