Ўзбекистон | 10:44 / 22.11.2019
48564
2 дақиқада ўқилади

Валентина Матвиенко Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи бўйича қўшимча маълумот берди

2019 йил 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерацияси Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг иштирокчи давлатлари Парламентлараро ассамблеяси 50-ялпи мажлиси доирасида ўтказилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенат ахборот хизматига кўра, мулоқот чоғида Ўзбекистон-Россия парламентлараро ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Федерация Кенгаши раисининг сўзларига кўра, Россияда 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига кўрилаётган тайёргарлик катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Спикернинг айтишича, Россия томони Ўзбекистонда сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ва бу йўналишда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини қўллаб-қувватлайди. Бўлажак сайловнинг боришини кузатиш учун республикага Россия Федерацияси ва МДҲ ПАнинг нуфузли делегацияси ташриф буюриши айтиб ўтилди. 

В.Матвиенконинг таъкидлашича, Россияда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил февралда Россия Федерациясига амалга оширадиган ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ташриф икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилишига хизмат қилади.

Федерация Кенгаши Ўзбекистон раҳбарининг Россияга ташрифи дастурини парламентга доир масалалар билан бойитишга ўз ҳиссасини қўшиши таъкидланди. Россия томони ташриф арафасида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон томонининг таклифини қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид