7 ноябрь куни Kun.uz сайти орқали «Олий судгача югуртирилган тадбиркорлар. Фарғона шаҳар ҳокимлиги нега мулкни тортиб олмоқчи бўлди?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда 25 йил муқаддам хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари Фарғона шаҳар ҳокимлиги захирасига тортиб олингани, шаҳар ва вилоят судларида ҳал бўлмаган бу масала Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарори билан тадбиркор фойдасига ҳал этилгани баён қилинган эди.

Кўп ўтмай вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтига ушбу мақолага нисбатан Фарғона шаҳар ҳокимлиги баёноти жойлаштирилди.

Иш ҳужжатларини қайта ўрганиш ва уларни ҳокимлик баёноти билан солиштириб кўриш натижасида воқеа-ҳодисаларнинг мутлақо кутилмаган янги тафсилотларига дуч келдик.

«Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона тасарруфида бўлган Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уй манзилидаги бино-иншоотлар ҳокимлик захирасига олиниши билан боғлиқ ҳужжатлардан айнан шу мулкни қандай йўл билан бўлмасин тадбиркордан олиб қўйишга ахд қилинганини кўриш мумкин. Бу учун ҳокимлик бир эмас бир нечта режа бўйича ҳаракат қилган.

«А» режа – суд орқали «ҳужум»

Фарғона шаҳар ҳокимлиги Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси Фарғона вилоят бошқармасининг низоли давлат мулкини нотўғри баҳолаш билан боғлиқ давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда ифодаланган ҳаракатини ноқонуний деб топиш, унинг 1997 йил 3 ноябрда чиқарган 0823х(1)-сонли буйруғи ва 1994 йил 23 ноябрдаги 4279-сонли давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида маъмурий судга 2019 йил 2 июлда, яъни давлат мулки давлат тасарруфидан чиқарилиб, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкдорлари бир неча марта ўзгариб, орадан 25 йил ўтганидан кейин ариза берган.

Дастлаб ҳамма иш рисоладагидек кетди, Фарғона шаҳар маъмурий суди гап-сўзсиз шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибиддиновнинг талабини қондирди, тармоқ судининг вилоят инстанцияси ўз «вазифасини аъло даражада уддалаб» қуйи судьянинг қарорини тўғри, деб топди. Апелляция инстанцияси 2019 йил 29 августда қарор қабул қилди ва у ўша кундан кучга кирди.