«Автоматлаштирилган тизим жорий қилингандан кейин ташувчиларнинг ҳар битта йўналиш бўйича қатновчи автобуслари соат нечада охирги рейсни якунлагани, охирги йўловчини соат нечада манзилига элтиб қўйгани бўйича маълумотга эга бўламиз. Ушбу маълумотларга асосан хизмат вазифаси лозим даражада бажарилмаган ҳолатлар бўйича тақдимномалар киритамиз», дея Анвар Жўраевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Транспорт вазирлиги автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметовнинг қўшимча қилишича, янги тизим йўловчи оқимини ўрганиб, шунга мувофиқ чоралар кўришга имконият яратади.

«Қайсидир йўналишда соат 22:00да йўловчи бўлмаслиги мумкин, аммо бошқа бир йўналишда тунги вақтдаям автобус ҳаракатланишига эҳтиёж бор. Шунда зарурат бор йўналишларга автобусларни буриб юборишимиз мумкин бўлади. Янги тизим бизга йўловчилар оқимининг ҳисоб-китоби, назоратини қўлга олиш, ҳар қандай муаммони жойида ҳал қилиш имконини беради.

Шу пайтгача биз жамоат транспортидан аслида қанча одам фойдаланиши бўйича аниқ маълумотга эга бўлмаганмиз. Янги тизимнинг афзаллиги ҳам шунда. Қолаверса, вақт ва масофага боғланган тарифлар жуда кўп масалаларга ечим бўлади. Илгари йўловчилар ўз манзилига битта автобусда узоқ вақтда етиб борган бўлса, янги тизимда 2 ёки 3та транспорт алмашиб, энг муҳими ўша пулга манзилига етиб олади», дейди Руслан Рўзиметов.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Тадбирда йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизими 2020 йилнинг 1 январидан Тошкентда, 1 августдан Нукус шаҳри ва вилоят марказларида, 2021 йил 1 январдан Республиканинг бошқа ҳудудларидаги жамоат транспортига жорий этилиши кутилмоқда.

Аввалроқ янги тизимда ўқитувчилар, пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзлар сақлаб қолиниши ҳақида хабар берилган эди.