2021 йилда жаҳоннинг энг йирик санъат муассасаларидан бири Лувр музейида (Париж) Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида кўргазма ўтказилиши режалаштирилган. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мазкур кўргазма тафсилотлари хусусида Kun.uz’га маълумот берди.
«Буюк ипак йўлида цивилизация ва маданиятлар» номи остида йирик масштабда бўлиб ўтадиган кўргазма 2021 йил 21 октябрдан 2022 йил 7 февраль санасига қадар давом этади. Бунинг учун Лувр музейининг кўргазмалар залида 1200 метр квадрат майдон ажратилган бўлиб, бундай кўргазма Ўзбекистон тарихида илк марта кузатилмоқда.


Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Ишматованинг маълумот беришича, кўргазмада Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи 310та экспонат намойиш этилади. Экспонатларнинг 250таси кўргазма учун реставрация қилинмоқда.



«Кўргазма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун ўзбек, рус, француз олимларидан иборат илмий қўмита ташкил этилган. Қўмита ишчи гуруҳи таркибига Франц Грене, Франциз Ришар, Павел Луире каби жаҳонга машҳур маданият мутахассислари, соҳанинг маҳаллий вакилларидан Шокир Пидаев, Жангар Ильсов ҳам киритилган.
Қўмита кўргазмага қўйиладиган экспонатларни танлаш борасида муҳокама олиб бормоқда. Чунки бу кўргазма эрамиздан аввалги 5 асрдан тортиб, эрамизнинг 16 асригача бўлган Ўзбекистоннинг тарихий даврини жонлантириб бериши, Марказий Осиёнинг қадимги маданияти ҳақида сўзлаб бериши лозим», дейди мутахассис.
Ҳозирда кўргазмага қўйиладиган экспонатларни реставрация қилиш жараёни босқичма-босқич кечмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида илк босқичи ўтказилган реставрация ишларини Лувр музейи ходимлари ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорликда амалга оширишмоқда. Ҳозирга қадар Катта Лангар Қуръонининг 5та саҳифаси, Кофирқалъадан топилган куйган панно, Давлат санъат музейида сақланаётган ҳайкал муваффақиятли тарзда реставрация қилинган.



















