Қадрли ватандошлар!

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар!

Аввало, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни қутлуғ айём – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.

Ҳаммамизга яхши аёнки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан биридир. 

Ана шундай муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Чиндан ҳам, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар эрта баҳорда ерга уруғ қадаб, ризқ йўлини очадиган, хонадонларимиздаги тўкинлик ва файзу барака сабабчиси бўлган сиздек фидойи инсонларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди.

Ушбу байрам муносабати билан сизларни қутлар эканмиз, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида атрофлича тўхталишимиз табиийдир.

Аввало сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари ҳамда минтақамиздаги экологик муаммолар оқибатида қишлоқ хўжалигида ҳар йили илгари кўрилмаган янги-янги синов ва қийинчиликлар пайдо бўлаётганини қайд этиш лозим.

Лекин, кўпни кўрган, доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган деҳқон ва фермерларимиз ана шундай мураккаб шароитда ҳам омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлмоқдалар. 

Жорий йилда сизларнинг пешона терингиз билан 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари, 8,1 миллиард дона тухум олингани бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди. 

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш долзарб масала бўлиб бораётгани сир эмас.

Шунинг учун ҳам биз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат экинлари етиштиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги тўрт йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 300 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштириш йўлга қўйилиб, жумладан, 32 минг гектар ерда интенсив боғлар, 15 минг гектарда токзорлар, 2 минг гектарда замонавий иссиқхоналар барпо этилгани, 114 минг гектарда сабзавот ва картошка, 72 минг гектарда дуккакли ва мойли экинлар, 52 минг гектарда озуқа экинлари етиштирилаётганини таъкидлаш лозим.