Telegram'даги «bakiroo» канали муаллифи Отабек Бакиров бугун эрталаб Тошкентдан Наманганга учиши керак бўлган самолёт йўловчилари билан сабабсиз ушлаб турилгани ҳақида хабар тарқатди.
Ушбу рейсга чипта олган йўловчилардан бири бўлган блогер ўз постида «бир неча соат самолёт ичида қолиб, ҳолсизликдан ҳушдан кетганлар ҳам борлиги»ни, шу боис учта тез ёрдам машинаси чақирилганини ҳам қўшимча қилган.
Блогер: «Мана шунақа монополия»
«Bakiroo» канали муаллифи соат 15:17да қолдирган постида шундай деб ёзади:
«HY-95 авиарейси эрталаб 8дан бери йўловчилари билан ушлаб турилибди.
Айрим йўловчилар бир неча соатдан буён самолет ичида. Ҳолсизликдан ҳушидан кетганлар ҳам бор, учта тез ёрдам машинаси келди. Борткузатувчилар самолёт бортини тарк этганларга авиачипта қиймати қопланмаслигини айтишмоқда.
Норозилик билдирганлар вазиятга изоҳ сўраганлари ва жараённи видеога олгани учун милиция наряди чақирилди, норози аёллар ҳуқуқларини талаб этгани учун алоҳида аёл милиция ходими ҳам етиб келди.
Самолет бортида ўнлаб хорижликлар ҳам бор. Мана шунақа монополия. Мана шунақа ҳавошка».
Бакировнинг сўзларига кўра, у учиш-учмаслик борасида аниқлик бўлмагач, самолётни бир неча йўловчилар билан бирга тарк этган.
«Ҳавошка» (вакиллари) на узр ва на тазарру билдирди. Компенсация ҳақида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас экан. Самолётда чақалоқли аёллар, болалар, қариялар қолмоқда. Ҳеч қурса, уларга иссиқ чой, овқат берилса бўларди», дея қўшимча қилган у.
Аэропорт изоҳи: «Рейс кечиктирилгач, бортда бирорта ҳам йўловчи қолмаган»
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси алоқа маркази Kun.uz сўровига жавобан рейс кечикиши, йўловчиларга тез тиббий ёрдам зарурати туғилгани ва хавфсизлик ходими чақиртирилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдириб, бу саволларга Тошкент халқаро аэропорти жавоб беришини маълум қилди.
Аэропортдагилар Тошкент-Наманган рейси аввал белгиланганидек соат 08:35да эмас, соат 15:35да учиб кетганини тасдиқлади. Унга кўра, самолёт учишидан олдин йўловчилар бортда бир ярим соат чамаси кутиб қолишган.







