6 декабрь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва парламент сайловлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири анжуман қатнашчиларининг мавзу юзасидан фикрлари билан қизиқди.

Питер Лиллей, Буюк Британия парламентининг Лордлар палатаси аъзоси:

– Ҳозирда Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга ҳамда кутилаётган сайловларга эътибор жуда юқори. Буни албатта ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин. Биз Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Европа ва Америка минтақалари бўйича масъул собиқ вазир сер Алан Дунканни кузатувчилар сафида боришига келишиб олдик. У бошқа кузатувчилар каби сайловни кузатиш, овоз бериш жараёнида махфийликнинг таъминланиши, овозлар ҳисоб-китоб қилинаётганда камчиликларга йўл қўйилмаслиги ҳамда партия вакиллари ўртасида эркин мунозаралар ташкил этилишига эътибор қаратади.

Биз кузатувчилардан сайловларнинг адолатли ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳисоботларни кутиб қоламиз.

Питер Лиллей

Сайловлар мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига очилиб боришида,  фуқаролар сиёсий фаоллигини оширишда ва хорижий тадбиркорлар ўз фаолиятларини мамлакат билан бемалол ҳамкорликда давом эттиришини кафолатлашда ишончли восита ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу – Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатини намоён қилишида асос бўлиб хизмат қилади.

Демократик жамиятни шакллантиришга юзлаб йиллар кетади аслида.  Сизнинг мамлакатингиз бу жараённи тезлаштиришга интилмоқда. Умид қиламанки, Ўзбекистон фуқароларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда иш кўрувчи етук давлат сифатида шаклланади; демократик жамиятнинг асл моҳияти ҳам айнан шунда, деб ўйлайман.

Сэр Алан Дункан, британиялик собиқ вазир ва парламент аъзоси:

– Фикримча, тадбир жуда сермаҳсул ўтди. Айни вақтга келиб кўплаб одамлар Ўзбекистоннинг янада ижобий томонга ўзгараётганига,  ислоҳотларнинг бардавом эканлигига ҳамда мамлакатнинг жадал суръатларда ривожланишига ишонч билдирмоқда. Юртингизда декабрь ойида бўлиши кутилаётган парламент сайловлари олдидан бугунги матбуот анжуманининг ташкил этилиши жуда ҳам яхши бўлди, деб ўйлайман.