Ўзбекистонда мавжуд бешта сиёсий партиядан тўрттаси мамлакатнинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириши тарафдори бўлиб қолмоқда.

ЎзЛиДеП, «Адолат» ва Халқ демократик партиялари ҳамда Экологик партия вакиллари бугун, 18 декабрь куни хорижлик дипломатлар билан бўлган учрашувда ЕОИИга кириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашувда Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев партия номзодларининг мазкур масаладаги фикрлари билан қизиққан.

«Сиёсий партияларнинг халқаро ташкилотларга нисбатан муносабати ҳақида савол берилди. Жавоблардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аввало халқаро иқтисодий ташкилотларга асосий эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, номзодлар томонидан хавфсизлик масалалари ҳам жуда муҳимлиги айтиб ўтилди. Ҳа, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарада жойлашган. Афғонистонга нисбатан ҳурмат сақлаган ҳолда, у ерда уруш кечаётганини ҳам унутмаймиз.

Албатта, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти – аввало сиёсий ташкилот. Лекин хавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган бошқа ташкилотлар ҳам бор, хусусан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти.

Иқтисодий интеграция борасида билдирилган фикрларга қайтиб, номзодларга савол билан мурожаат қилмоқчиман. Ҳозир Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзо бўлиши қанчалик мақсадга мувофиқлиги юзасидан қизғин муҳокамалар кетмоқда. Қатор партиялар аллақачон бу борада ўз фикрларини билдиришган. Мен депутатликка номзодларнинг фикрларини бевосита уларнинг ўзларидан эшитишни хоҳлардим», – деди Тюрденев.

Саволга жавобан биринчи бўлиб «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Илҳом Абдуллаев сўз олиб, партия бу борада ҳали якуний қарорга келмаганини билдирди, аммо шахсан ўзи ЕОИИга киришга «икки қўлини кўтариб» рози эканини таъкидлади.

«Мамлакатнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги – ташқи сиёсатнинг жуда муҳим масалаларидан. Мен партиямиз номидан гапираман ва бу фикрларим давлатники билан бир хил бўлмаслиги мумкин.

ЕОИИ – анча истиқболли ва эффектив ташкилот. Кўпчилик бизнинг бу ташкилотга аъзо бўлишимизнинг кўплаб плюс томонларини дарҳол санаб бериши мумкин. Лекин бу – кўп қиррали ва мураккаб масала. Шундай экан, мамлакат бундай муҳим қадамни ташлаш олдидан барча плюс ва минусларни тарозига тортиб кўриши керак.