Иқтисодиёт | 17:03 / 26.12.2019
30724
2 дақиқада ўқилади

20та йирик давлат корхонаси қачон хусусийлаштирилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда давлат улуши юқори бўлган 20та йирик компания акциялари 2021 йилнинг II чорагида IPO орқали сотилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу муддат капитал бозорини ривожлантиришнинг беш йиллик стратегияси лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.

Акциялари очиқ савдога чиқариладиган 20та компания рўйхати ҳозирча маълум эмас.

Рўйхат ҳали тўла шаклланмаганини 27 ноябрь куни Лондонда бўлиб ўтган «UzInvest» форуми доирасидаги матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатулла Бекенов ҳам тасдиқлаган эди.

Kun.uz мухбирига кўра, Бекенов «Алоқабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» давлат банклари, Ўзбекистон товар-хомашё биржаси, «Кварц» шиша заводи ва «Жиззах пластмасса» заводи хусусийлаштирилиши аниқлигини маълум қилган.

«Биз, шунингдек, барча ёғ-мой заводлари, «Кафолат» суғурта компанияси, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Бекободдаги «Ўзметкомбинат», Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқарувчи завод «Қизилқумцемент» кабиларни ҳам хусусийлаштириш масаласини кўриб чиқяпмиз», – деганди Бекенов.

Журналистнинг «Ўзбекнефтегаз» ҳам шулар қаторидами, деган саволига Бекенов бу масала ҳам кўриб чиқилаётганини маълум қилган.

«Биз ҳозир халқаро молия ташкилотлари билан давлат корхоналарини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш устида ишлаяпмиз. Ушбу стратегия доирасида қайси корхоналарни ва қай тарзда хусусийлаштириш масаласига аниқлик киритилади. Ҳужжат 2020 йил февралигача тайёр бўлади», - дея қайд этганди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори.

Мавзуга оид