27 декабрь куни Қозоғистоннинг Bek Air авиакомпаниясининг йўловчи самолёти Олмаота шаҳри аэропортидан ҳавога кўтарилиш вақтида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 93 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган. Самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, 35 киши тан жароҳати олган. Авиаҳалокат сабабли Қозоғистонда 28 декабрь миллий мотам куни деб эълон қилинган.. «Медуза» ҳалокатдан омон қолган йўловчиларнинг воқеа тўғрисидаги ҳикояларини жамлади.
«Самолёт икки марта кўтарилди ва баландликни йўқотди. Кейин қўрқинчли товуш эшитилди»
Исмини айтмаган йўловчи
Мен кўп парвоз қиламан. Самолёт соат 07:05да ҳавога кўтарилиши керак эди. Аммо кечикди. Бизга хавфсизлик қоидаларини тушунтиришаётганида мен мудраётгандим. Кеч қоламан деб туни билан ухламагандим. Самолёт ҳавога кўтарилаётганида уйғониб кетдим. Самолёт икки марта кўтарилди ва баландликни йўқотди.
Сўнгра қўрқинчли товуш эшитилди — двигателданми, бошқа жойданми. Самолёт оғиб уча бошлади. Ҳаммаси худди кинолардагидек эди: чинқириқлар, дод-войлар, одамларнинг йиғиси. Буларнинг барчасини тасвирлай олмайман, жудаям қўрқинчли. Кейин эса зарба, гумбурлаш ва рўпарамда қандайдир темир олдимни тўсиб қўйди.
Кимдир «Чиқинглар!» деб бақирди. Мен гапириш қобилиятимни йўқотгандим. Мен самолёт қанотида ўтиргандим. Самолёт ерда эканлигини, портлаши мумкинлигини айтиб қичқиришди. Худди туш кўраётгандек эдим.
«Олд қисмда одамларни том қисиб қолди»
Аслан Назаралиев
Ҳаммамиз самолётга ўтирдик, у кўтарила бошлади. Кейин тебраниш бошланди: аввалига чап қанот, сўнгра ўнг қанот. Самолёт силкина бошлади, лекин юқорига кўтарилишда давом этди. Кейин эса пастга шўнғий бошлади ва ерга ёки бинога урилди. Шу пайтда олд қисмда, 14-қаторгача бўлган одамларни том қисиб қолди.
Менинг жойим ўнг тарафдаги қанот ёнида эди. Биз қанот устидаги ойнадан ташқарига чиқдик. Сўнгра қисилиб қолган одамларга ёрдам бердик. Олти-етти кишини олиб чиқдик. Омон қолган барча эркаклар ёрдам беришди. Қоронғи эди, дод-войлар, йиғи–сиғи атрофни тутиб кетганди.

















