2 январь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланган аудиоёзув тарқалди.
Аудиоёзувда туман ҳокими қўл остидагиларни турли сўзлар билан ҳақоратлаганини эшитиш мумкин.
3 январь куни Наманган вилояти ҳокимлигининг Telegram’даги каналида ушбу ҳолат юзасидан баёнот берилди.
Унга кўра, Мингбулоқ тумани ҳокими қаттиқ огоҳлантирилган, прокуратура қонуний чора кўради.
«Ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган ҳолда олиб борилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Мингбулоқ туманида ўрганиш ўтказилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокими ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов, вилоят прокурори ўринбосари Шуҳрат Қосимов иштирокида Жомашуйда Мингбулоқ тумани ММТП раислари, фермерлар, туман фаоллари ҳамда оқсоқоллар билан муҳокама йиғилиши ташкил этилди.
Учрашув чоғида Мингбулоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзув ҳақиқатан туман ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқот 2019 йил 10 декабрь куни тумандаги «Гигант» машина саройида «Гигант», «Гулбоғ-1», «Гулистон» ММТП ҳудудларига кирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида юз бергани, туман ҳокимининг этикага мос келмайдиган сўзлари техникаларини келгуси йил тайёргарлиги доирасида таъмирлаш учун дислокация бўйича белгиланган саройга олиб келмаган фермерларга қаратилгани маълум бўлди. Туман ҳокимининг бу борадаги топшириғи 2019 йил 5 ноябрда эълон қилингани ҳамда техникаларни тўлиқ таъмирдан чиқаришнинг сўнгги санаси 2019 йил 10 декабрь этиб белгиланганига қарамай, баъзи фермер хўжалиги раҳбарларининг бу топшириққа эътиборсиз бўлгани юзасидан муҳокама ўтказган туман ҳокими, мулоқот чоғида ҳақоратли иборалардан фойдалангани ўша йиғилиш иштирокчилари томонидан тасдиқланди», дейилади хабарда.
Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман ҳокимининг бундай тарзда ишлашини кескин танқид қилган.

















