Декабрь ойида Kun.uz сайтида Қарши шаҳрида 400 ўринли мактабда 1600 нафар ўқувчи таҳсил олаётгани ҳақда мақола эълон қилинганди. Бунинг ортидан худди шу муаммо юзасидан бошқа ҳудудлардан ҳам мурожаатлар кела бошлади.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги «Равот» маҳалласи аҳли ҳам шу ҳақда хат йўллади. Маҳалла аҳлининг билдиришича, улар 2017 йил янги ҳудуддаги янги қурилган уйларга кўчиб келишган. Яъни, намунавий маҳаллага. Аммо бу намунавий маҳалланинг мактаби йўқ. Ота-оналар фарзандларини 4 километрдан 10 километргача бўлган масофага мактабларга олиб боришар экан.


Аслида, ҳудудда намунавий уйлар қурилиши бошланган вақтда бўлажак мактаб ва болалар боғчаси қурилиши учун ҳам ер ажратилган. Аммо бу ерда қурилиш бошланмай қолиб кетган.

Маҳалла аҳли қатор ташкилотларга бу борада мурожаат қилиб, мактаб қурилиши 2021 йилдаги давлат дастурига киритилиши ҳақда жавоб хати олган. Туман ҳокимлиги вакиллари ҳам мазкур муаммо юзасидан аҳоли билан учрашиб, мактаб 2021 йилда қурилишини маълум қилишган.
Ҳокимлик вакилига кўра, ҳудудда мактаб қурилиши учун тахминан 8 миллиард сўм пул керак ва маҳаллий бюджетда бундай маблағ йўқ. Одатда, мактаблар қурилиши республика бюджетидан ажратилган пулга қурилади.
«Равот» маҳалласи фуқаролари эса яна икки йил мактабсиз қолишга рози эмас. Улар мактаб қурилиши нима сабабдан 2020 йил эмас, 2021 йилги дастурга киритилганига жавоб сўрашмоқда.

Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтига кириб республикадаги умумий мактаблар сонига эътибор берсангиз қизиқ ҳолатга дуч келасиз:
Масалан, Ўзбекистонда 1991 йилда жами умумтаълим мактаблари сони 8333та деб кўрсатилган. Ҳар йили мактаблар сони ўсиб бориб, 2006 йилда 9803тани ташкил этган. Аммо худди шу йилдан бошлаб мактаблар сони камайиб боришини кузатамиз: 2008 йил 9788та, 2014 йил 9758та ва 2019 йил 9774та. Хуллас, сўнгги 13 йилда мактаблар сони кўпайиш ўрнига камайиб борган.



















