Жамият | 16:35 / 04.01.2020
26594
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура Иштихонда 10-синф ўқувчиси билан содир бўлган ҳолат юзасидан маълумот берди

2020 йил 3 январь куни ижтимоий тармоқларда видеоёзув тарқалди. Унда Самарқанд вилояти Иштихон тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси С.Қ. 2019 йил 28 декабрь куни мактаб директори ўринбосари уни туртиб юборганлиги оқибатида иккинчи қаватдан ерга йиқилиб, тан жароҳати олганлигини баён қилган.

Иштихон туман прокуратурасининг маълум қилишича, 2019 йил 28 декабрь куни соат 13:00ларда вояга етмаган С.Қ. туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига ёпиқ КЦТ, бош мия чайқалиши, ўнг билак суякларининг дистал охиридан ёпиқ синиб силжиши, чап чакка, чап ёноқ ва чап кўз атрофи юмшоқ тўқимасининг лат ейиши каби тан жароҳатлар билан келган.

Шифокорлар томонидан беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, касаллик тарихи юритилиб, шифохонага ётқизилган.

2020 йил 3 январь куни вояга етмаган С.Қ.нинг отаси Иштихон тумани ИИБ бошлиғи номига фарзанди тан жароҳати олганлиги ҳолати юзасидан ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Текшириш ҳаракатлари олиб борилиши устидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.  

Мавзуга оид