Islom.uz портали маълумотига кўра, бу Мусҳаф Мадина Мусҳафининг нусхаси асосида, расми Усмонийда, имом Ҳафснинг имом Осимдан қилган ривоятига кўра ҳамда хаттот шайх Усмон Тоҳонинг хатида тайёрланган. Қуръони Каримнинг ушбу нусхасини кўрикдан ўтказиш, завобитларини қўйиш ва тадқиқ этиш ишлари Сурия Араб Республикаси «Мусҳаф битиш илмий ҳайъати»нинг собиқ раҳбари, шайх, ҳофиз Яҳё Муҳаммад Носиҳ бошчилигидаги мутахассислар тарафидан амалга оширилган.

У Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Hilol-nashr» нашриёт-матбаасида «Ғавсоний» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган.

«Қуръони Карим яна 20 минг нусхада, янги кўринишда сотувга чиқарилади»

«Хабарингиз бор, «Hilol-nashr» нашриёти 2018 йилдан буён Қуръони Карим — Мусҳафи шарифни нашр этиш ишларини бошлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистонда Қуръон чоп қилинмаган, шунинг учун ҳам бунга эҳтиёж жуда катта эди. Умумий ҳисобда ҳозирги кунгача 75 минг ададда Қуръони карим чоп қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борди.

Бугун нашриёт томонидан яна 20 минг нусхада Мусҳаф сотувга чиқарилди. Юртдошларимиз Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги жами ўнта дўкондан сотиб олишлари мумкин.

Жорий йил биринчи чорагида Мусҳафи шариф яна 20 минг ададда, янги кўринишда сотувга чиқарилади. Ҳозирда чоп қилиш ишлари кетмоқда. У ҳозиргидан бироз кичикроқ кўринишда, янаям чиройли шаклда ўқувчилар қўлига етказиб берилади, иншааллоҳ», дейди нашриёт ходими Ёрқинжон Ҳайдаров.

«Аллоҳга беадад шукр, шундай замонларга келдик»

Навбатдаги нашрни ҳам халқимиз қизғин кутиб олганини, биргина, Мусҳаф олиш учун юзага келган навбатдан ҳам билиб олиш мумкин. Каломи шарифни Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги «Hilol-nashr» китоб дўконларида харид қилиш мумкин. Китоб 35 минг сўм қийматда сотилиши белгиланган.