18:03 / 12.01.2020
0
13248

«Реал» - «Атлетико»: Суперкубок финали превьюси

Бугун, 12 январь куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида янги форматдаги Испания Суперкубогининг илк финали доирасида «Мадрид дербиси» бўлиб ўтади. «Реал» ва «Атлетико» жамоалари мавсумдаги дастлабки совринни қўлга киритиш учун курашишади.

Финал

Испания Суперкубоги янги формати сабаб парадоксал вазият юзага келди: ҳал қилувчи ўйинда на Ла Лиганинг амалдаги ғолиби ва на кубок соҳиби майдонга тушади. Сабаби, «Барселона» ва «Валенсия» ярим финалда мағлуб бўлиб, уйга қайтишга мажбур бўлишди. Бош соврин эса Мадридга йўл олиши аниқ. Фақат «Сантьяго Бернабеу»га йўл оладими ёки «Ванда Метрополитано»гами – бугунги футбол оқшомида билиб оламиз.

Испания Суперкубоги.
Финал. 12 январь (якшанба)
«Реал» – «Атлетико»
Бош ҳакам: 
Хосе Мариа Санчес
Ўйин бошланиш вақти: 23:00
Жидда, «King Abdullah Sports City»
ТВ-трансляция: «Матч ТВ»

Устунлик кимда?

Ўйин олдидан Зиданнинг Симеонедан битта устун жиҳати бор, унинг жамоаси бир кун кўпроқ дам олади. «Реал» «Валенсия»га қарши (3:1) ўйинни чоршанба куни ўтказган бўлса, «Атлетико» пайшанба куни «Барселона»га қарши қийин учрашувни (3:2) ўтказди. Қолаверса, «Реал»дан фарқли ўлароқ, «Атлетико» финал ҳуштагигача жиддий босимда кураш олиб борди. Финалга тайёргарлик кўриш учун Зидан жамоаси 4 кун, Симеоне шогирдлари эса 3 кун тайёргарлик кўриш имкониятига эга бўлишди. Бу жиҳат «Қироллик клуби» фойдасига ишлаши мумкин.

Кимлар майдонга туша олмайди?

Финал олдидан икки томонда ҳам таркиб борасида муаммолар етарлича. Ярим финалдагидек, ҳал қилувчи баҳсда ҳам Зидан тўрт нафар ҳужумкор футболчилари - Азар, Бензема, Бэйл ва Асенсионинг хизматидан фойдалана олмайди. Мураббий бу сафар ҳам ҳужумдаги йўқотишларни яримҳимоя чизиғидаги муҳим фигуралар билан ёпса, ажабмас.

Диего Симеоне эса, турнирга Диего Костасиз ташриф буюрган бўлса, «Барса»га қарши гол уриб, сўнг жароҳат олган Коке ҳам финалда майдонга тушмаслигини клуб расман маълум қилган. Лемар, Савич ва Хименеснинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Шундай экан, марказий ҳимоя чизиғини айтмаганда, «матрасчилар»нинг таркиби «Барса»га қарши ўйиндагидек кўриниш олишини тахмин қилиш мумкин.

Тахминий таркиблар

«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Рамос, Варан, Марсело, Каземиро, Кроос, Вальверде, Родриго, Иско, Йович. 

 «Атлетико»: Облак, Триппьер, Монтейро, Эрмосо, Лоди, Эррера, Партей, Корреа, Сауль Ньигес, Фелиш, Мората.

Ўзаро сўнгги 5 учрашувдаги натижа:

28.09.2019. Атлетико – Реал – 0:0

09.02.2019. Атлетико – Реал – 1:3

29.09.2018. Реал – Атлетико – 0:0

15.08.2018. Реал – Атлетико – 2:4

08.04.2018. Реал – Атлетико – 1:1.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top