Жангарилар баёнотида генералнинг ўлими уларнинг ишига ёрдам бериш учун «илоҳий аралашув акти» деб баҳоланган. Шу билан биргаликда, баёнотда Сулаймонийга қарши амалиёт ўтказган Қўшма Штатлар ҳарбийлари эсланмаган.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг генерал Сулаймонийни ўлдириш бўйича буйруғи қатор воқеаларни келтириб чиқарди.
Биринчи навбатда, америкаликлар дрони зарбаси ИШИДга қарши ҳали тўлиқ тугалланмаган уруш ривожига таъсир кўрсатди.
Эронлик қўмондоннинг ўлимидан кейин Ироқда ИШИДга қарши фаолият олиб борган АҚШ бошчилигидаги коалиция фаол ҳаракатларини тўхтатди. Америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари эндиликда уларнинг биринчи галдаги вазифаси мудофааланиш бўлишини билдирди.
Ҳарбий нуқтайи назардан уларда бошқа танлов ҳам қолмаганди.
Эрон ва унинг таъсирида бўлган ҳарбий отрядлар Бағдод аэропортида ҳалок бўлганлар учун қасос олишга қасам ичишди. 3 январь куни Бағдод аэропорти ҳудудида Сулаймоний ва унинг ҳамроҳлари бўлган автомобилларга америкалик ҳарбийлар дрони томонидан ракета зарбалари берилганди.
Натижада америкалик ҳарбийлар ва Яқин Шарқда улар билан ҳамкорлик қилувчи бошқа Ғарб давлатлари вакиллари олов қаршисида қолишди.
Бу эса ИШИД учун айни муддао: энди жангарилар тезда ўнгланиши ва яна куч тўплай бошлаши учун шароит юзага келмоқда.
Ироқ парламенти америкалик ҳарбийларни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор чиқариши ҳам экстремистлар фойдасига бўлади.

Суратда Арбилдаги ҳарбий лагер.
ИШИД ўтган йиллар давомида кўп марта мағлубиятларга учрашига қарамай яшаб қолганди.
Ироқ ва Сурия ҳудудини ИШИДдан халос этиш учун 2016-2017 йилларда кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиш талаб этилганди.
Жангариларнинг кўп қисми ўлдирилди ва асирга олинди. Аммо ташкилот таг-туби билан йўқотилмади. Ташкилот ғоялари таъсиридаги кичик гуруҳлар ҳамон Сурия ва Ироқ ҳудудларида сақланиб қолган: жангарилар йўлларда пистирмалар қўйишади, одамларни тунашади ва ўлдиришади.




















