Касаллик 50 нафардан ортиқ одамда аниқланган, улардан бири вафот этган, яна олти киши оғир аҳволда.
Беморларда пневмонияни келтириб чиқарадиган ривожлантирадиган янги вируснинг пайдо бўлиши, шубҳасиз, ташвишланиш учун етарли сабабдир. Дунё тиббиёт ходимлари воқеалар ривожининг ҳар қандай кўринишига тайёрланмоқда.
Эпидемия қисқа муддатлими ёки бу жиддий хавфнинг дастлабки белгисими?
Вирус ҳақида нималар маълум?
Вирусни лабораторияда текшириш учун беморлардан таҳлил олинган.
Хитой расмийлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти инфекция коронавирусни келтириб чиқаради деган хулосага келишди.
Коронавируслар оиласи таркибига етарлича кўп вирус киритилади, аммо улардан фақат олтитаси (ва янги вирус билан етти) одамга юқиши мумкин.
2002 йилда, Хитойда бошланган коронавируснинг тарқалиши натижасида 8098 киши атипик пневмония (атипик – оддий бўлмаган, мураккаб шамоллаш; бу касаллик оғир ўткир респиратор синдроми (SARS) деб ҳам аталади) билан касалланган. 774 киши вафот этган.
«Одамлар SARS'ни ҳали ҳам даҳшат билан эслайдилар, қўрқув пайдо бўлади, аммо энди биз ушбу касалликларга қарши туришга кўпроқ тайёр бўлдик», дейди Wellcome Trust'дан доктор Жоси Голдинг.
Хавф қай даражада?
Коронавирус инфекциясининг оқибатлари турлича: ўртача шамоллашдан ўлимгача.
Янги вирус ушбу диапазоннинг ўртасида жойлашган кўринади.
«Биз янги коронавирус билан дуч келганимизда, аломатлар жиддийлигини аниқлашга интиламиз. Бу сафар симптомлар шамоллашни эслатади, яъни хавотирланишга асос бор, лекин бу SARS'дек қўрқинчли эмас», — дейди Эдинбург университети профессори Марк Вулҳаус.

У қаердан келган?
Янги вируслар доимий равишда аниқланмоқда. Улар вирус борлиги сезилмаган ҳайвонлардан одамларга юқади.









