Ижтимоий тармоқларнинг бугунги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуси ҳеч шубҳа йўқки, бу Ўзбекистон Республикасининг «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунга ўзгариш киритиш тўғрисидаги лойиҳа бўлмоқда.
Ушбу муҳокамаларда айтилаётган фикрлар ва ўзим гувоҳи бўлган воқеа-ҳодисаларни жамлаб, мазкур қонун лойиҳаси, умуман, Савдо-саноат палатаси фаолиятига доир хулосаларим билан бўлишишга қарор қилдим.
Савдо-саноат палатаси нима ўзи?
Палатанинг расмий сайтидаги маълумотга кўра, у қуйидаги мақсадларда тузилган:
- Тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларни таъминлаш;
- Бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа органлар ва ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш;
- Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;
- Ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга ҳар томонлама кўмаклашиш;
- Тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини барча чоралар билан қўллаб-қувватлаш.
Энди айтинг-чи, сўнгги марта савдо-саноат палатаси бирор тадбиркорлик субъектига кўмаклашганини қаерда эшитгансиз?
Масалан, ушбу мақолада қонун талаби ва устав мақсадларига кўра асосий вазифаси тадбиркорликни, энг аввало кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш бўлган палата, тижорат банкининг манфаатини кўзлаб, андижонлик бир тадбиркор муқаррар йўқлик сари юз тутишига сабабчи бўлгани ҳикоя қилинган.
Айрим ҳолларда, амалиётда ССП кредит можароларида тижорат банкларининг манфаатларини кўзлаб судга даъво ариза киритади ва бошқа бир субъектларнинг хонавайрон бўлишида бош-қош бўлади. Тадбиркорнинг ҳимоячиси экан, унинг фаолиятини издан чиқаришга эмас, балки шу муаммодан чиқиб кетишига ёрдам бериши керак эмасми аслида?
Тадбиркорлар қанча пул тўлашади?

















