Ўзбекистон | 14:32 / 18.01.2020
19740
2 дақиқада ўқилади

Энергетика соҳасида Грузия тажрибасидан фойдаланиш мумкинми?

Фото: KUN.UZ

Бугун, 18 январь куни Энергетика вазирлиги раҳбарияти томонидан “Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида ўтказилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирдан сўнг энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев энергия тақчиллигининг олдини олишда Грузия тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган таклифга ўз муносабатини билдирди. 

“[Таклифга] муносабатим ижобий. Лекин биз фақат Грузия тажрибасига таянишимиз нотўғри бўлади. Грузия тажрибаси мамлакатимизга нисбатан қўлланилишини тўғри ёки нотўғрилигини айтишимиз учун аввал борадиган йўналишимизни белгилаб олишимиз керак. Яъни қайси бозор моделига ўтамиз. Шунга қарамасдан, Грузияда энг катта ислоҳотларни ўтказиш даврида энергетика вазирининг ўринбосари бўлган ходим ҳозирги кунда менинг жамоамда ишлаяпти. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан ёлланган, тақдим этилган эксперт сифатида. У мана шу кеча кундузда Тошкентда, янги бозор моделини ишлаб чиқиш борасида биз биргаликда ишлаяпмиз. 

Агар биз Грузия тажрибасига таянган ҳолда ишлаб чиққан бозор модели ҳукумат томонидан маъқулланса, биз шу йўналиш бўйича кетамиз. Бундан ташқари, Америка, Буюк Британия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ҳам экспертларни Жаҳон банки, ОТБ ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки бизга ёллаб берган. Улар билан ҳам ишлаяпмиз. Қайси моделни танлаймиз, буни вақт кўрсатади. 

Унутмаслигимиз керак, Грузияда аҳоли сони биздан деярли 10 баробар кам. Ишлаб чиқариш бўйича салоҳияти ҳам деярли 10 баробар кам. Энергетика структураси ҳам умуман бошқача”, - дея Шерзод Хўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Мавзуга оид