АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео январь ойи охирида Европа ва Марказий Осиёга турне уюштиради. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, у 29 январь куни ташрифини Буюк Британия пойтахти Лондондан бошлайди, 31 январь куни Украинага келади, 1 февраль куни Беларусда бўлади. Шундан сўнг у аввал Қозоғистонга, кейин Ўзбекистонга ташриф буюради.
Тошкентда Майкл Помпео президент Шавкат Мирзиёев ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.
Шунингдек, у Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги «Марказий Осиё — АҚШ» форматидаги вазирлар учрашувида («C5 + 1») қатнашади.
«Майкл Помпео АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига мувофиқ минтақа давлатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди», дейилади Давлат департаменти хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Помпео Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйлаб турнеси доирасида 5-6 январь кунларида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирганди, аммо Яқин Шарқда Эрон билан юз берган можаролар туфайли бу ташриф номаълум муддатга қолдирилганди.
















