Бир неча кун олдин таҳририятга бир гуруҳ ёшлар мурожаат билан келишди. Уларнинг айтишича, 2019 йилда «NCUK foundation» (NCUK – Британиянинг шимолий университетлари консорциуми) дастури бўйича таълим берадиган «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим муассасасига 7 минг АҚШ доллари тўлаб, 6 ойлик дастур бўйича ўқишни бошлашган.

Ўзига хос катта тантана билан ташкил этилган очилиш маросимида Буюк Британиянинг ўша пайтдаги элчиси Кристофер Аллан, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Гулчеҳра Рихсиева, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродулло Холмухамедов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашев, Ёшлар иттифоқи раисининг амалдаги раиси (у вақтда биринчи ўринбосар) Алишер Саъдуллаев ҳамда Халқ таълими вазирлиги вакилларининг иштирок этгани, бу тадбирлар эса маҳаллий телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилгани ёшларнинг ушбу лойиҳага қизиқиши янада ортишига сабаб бўлган.

Маълумот учун, «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» ўз фаолиятини 2019 йил январь ойидан бошлаган. Фуқаро Феруза Омонова ушбу нодавлат таълим муассасасининг директори лавозимида ишлаган ва муассасанинг ташкил бўлишида бевосита бош-қош бўлган. Азиз Ҳамидов эса ўзини регионал директор деб атаган.

Таълим муассасаси томонидан ўқувчиларга бу дастур – университет олди тайёргарлик дастури экани, бу таълим муассасанини битириб, имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчилар Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва Ирландия давлатларидаги университетлардан ташқари, Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Халқаро Вестминстер университетига иккинчи курсдан, ҳеч қандай имтиҳонларсиз қабул қилиниши ҳақида маълумотлар берилган.

Таҳририятга шикоят билан келган абитуриентлар таълим муассасасига қабул жараёнида мутассаддилар томонидан алдов ишлатилгани, дарслар жуда тез ўтилгани сабабли кўп мавзуларга тушуна олишмагани, якуний имтиҳон вақтида ўтилмаган мавзулардан ҳам саволлар тушгани, имтиҳондан эса деярли барча ўқувчилар йиқилгани, қолаверса имтиҳон варақаларини кўришга рухсат бўлмагани ва апелляция топшириш имкони ҳам берилмаганини маълум қилишди. Ўқувчиларнинг дардини тинглагач, таълим муассасасида бўлиб, Азиз Ҳамидовнинг ўзидан изоҳ олдик.

Унинг айтишича, таълим муассасаси олган лицензия фақатгина мактабдан ташқари таълим бериш ҳуқуқини берар экан.