Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимхўжаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифасидан озод қилинди. 29 январь куни Ўзбекистон президенти тегишли қарорни имзолаган.

У 2018 йилнинг августидан буён қўмитада масъул лавозимда ишлаб келаётганди.

1978 йилда Андижон вилоятида туғилган Улуғбек Қосимхўжаев 1997−2000 йилларда «Умид» президент жамғармаси йўналиши бўйича Пейс университетида (АҚШ) «Бизнесни бошқариш» мутахассислиги бўйича таҳсил олган. 2000−2002 йилларда Андижон вилояти ҳокимлигида ахборот-таҳлил гуруҳи етакчи мутахассиси, сўнгра 2002−2005 йилларда мутахассис, кейинчалик Вазирлар Маҳкамасида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган.

2005−2007 йилларда Барри университетида (АҚШ) магистратурада «Молия» мутахассислиги бўйича таҳсил олган, 2007−2013 йилларда Барри ва Сундербирд (АҚШ) университетларида дарс берган. 2008−2013 йилларда Америкада меҳмонхоналар компанияси директори бўлган, 2013−2014 йилларда эса кўчмас мулк инвестиция компаниясида директор бўлиб ишлаган, 2014 йилда АҚШда ўз инвестиция компаниясини ташкил қилган.

Бундан аввалроқ, ҳукумат тузилмасида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раиси лавозими жорий этилиб, бу лавозимга Азиз Абдуҳакимов тайинланди. Бунгача Туризмни ривожлантириш қўмитасига Абдулазиз Оққулов раҳбарлик қилаётганди.