
1 февраль куни Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Президент администрацияси масъул ходимлари, комиссия аъзолари, Сенат ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Давергеодезкадастр» қўмитаси, соҳага алоқадор бошқа вазирлик ва идоралар раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар органлари ва солиқ идоралари бошлиқлари, соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари қатнашишди.
Комиссия йиғилишида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда ер майдонларидан фойдаланиш тизимини ислоҳ қилишга оид 30дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу мақсад учун 2017 йилда 463 млрд. сўм ажратилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 559 млрд., 2019 йилда эса 673 млрд. сўмни ташкил этган.
Экин майдонлари самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни қўллашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу даврда республика бўйича 170 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди, натижада ҳолати ёмонлашган 303 минг гектар ернинг унумдорлиги оширилди.
Паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, улар ўрнида юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўтган уч йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 293 минг гектар ана шундай майдонларнинг 257 минг гектарида даромадбоп турли экинлар етиштирилди, 35 минг гектарида интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилди. Кўрилган чоралар натижасида биргина 2019 йилда 48 минг гектар яроқсиз ер майдонлари муомалага киритилди.












