Бойсундаги савдо комплексида ёнғин, 36та дўконга зарар етди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Ибодулло бобо» кичик хусусий корхонасига қарашли савдо комплексида содир бўлган ёнғин оқибатида 253 та савдо дўконининг 36 тасига зарар етган.
2020 йилнинг 5 февраль куни соат 03:00ларда «Тузбозор» маҳалласи ҳудудидаги, маҳаллий тилда «Чабелла бозори» деб аталувчи савдо комплексида ёнғин содир бўлган ёнғин ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бирламчи маълумотларни тақдим этди.
Сурхондарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор бошқарув маркази хабарига кўра, ёнғин ҳақида хабар соат 03:00 да тушган ва ёнғин жойига соат 03:07 да биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари етиб борган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 03:37 да ўраб олиниб, 03:55 да ўчирилган.
Жами 253 та савдо дўконининг 217 таси — умумий 1.867 кв.м майдоннинг 1267 кв.м қисми ёнғиндан сақлаб қолинган.
36 та савдо дўкони, умумий майдоннинг 600 кв.м қисми ёнғиндан зарар кўрган. Ҳозирда ёнғин сабаби аниқланмоқда. Тан жароҳати олганлар йўқ. Қўшимча маълумотлар тақдим этилади, — деб хабар бермоқда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.