Америка етакчиси ўз мурожаатномасида халқаро муносабатлар, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт ҳақида сўз юритди. Қуйида унда тилга олинган асосий фикрлар келтирилмоқда.
Ташқи сиёсат
· Эрон ядро қуролига эга бўлишга уринишдан воз кечиши, террор, ўлим ва вайронгарчиликлар тарқатишни бас қилиши керак. Агар бу амалга ошса, Вашингтон қисқа муддат ичида Теҳронга қарши санкцияларни бекор қилиши ва унинг иқтисодиётига ёрдам бериши мумкин.
· Ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний "Эрон режимининг энг шафқатсиз қассоби эди". У "дунёнинг бош террорчиси" бўлиб, Ироқдаги минглаб ҳарбийлар ҳамда "саноқсиз эркаклар, аёллар ва болаларнинг" ҳалок бўлиши ва жароҳатланишида айбдор.
· ИШИД 100 фоиз йўқ қилинди, унинг етакчиси ва асосчиси — "қонхўр қотил ал-Бағдодий" ўлган.
· АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб кетиш устида ишламоқда, чунки "Американинг энг узоқ давом этган уруши"га чек қўйиш пайти келди. АҚШ ҳарбийларининг қатъияти бу мамлакатда мисли кўрилмаган ривожланишга эришилишига олиб келди ва тинчлик музоралари давом этмоқда.
· Жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил низосига барҳам бериш учун ижодий ёндашувлар керак. Минтақадаги миллионлаб ёшларга янада ёрқин келажак учун имконият зарур.
· АҚШ Венесуэла, Никарагуа ва Кубада "демократия тикланишига" ҳаракат қилмоқда. "Мадуронинг разолати парчалаб ташланади ва яксон қилинади", чунки Вашингтон "социалистик диктатор"га қарши қаратилган 59 давлатдан иборат дипломатик коалицияга етакчилик қилмоқда.
Иқтисодиёт
· Хитой ўнлаб йиллар давомида Қўшма Штатлардан фойдаланиб келди, аммо савдо келишувининг биринчи босқичи имзоланиши бунга чек қўйди. Энди икки мамлакат муносабатлари уларнинг бутун тарихи давомидаги энг яхши муносабатларига айланди.
· Канада ва Мексика билан эндиликда USMCA деб аталаётган Шимолий Америка эркин савдо ҳудуди (NAFTA) тўғрисидаги келишувнинг қайтадан тузилиши қарийб 100 мингта янги иш ўрни яратади ҳамда Америка фермерлари ва завод ишчилари учун экспорт имкониятларини сезиларли даражада оширади.
· Иқтисодий пасайиш даври тугади. АҚШ армияси бутунлай қайта ташкил этилди, чегаралар ҳимояланган, оилалар эса фаровонликда.
· Мамлакатда 7 миллионта янги иш ўринлари яратилди, ишсизлик "мамлакат тарихидаги ҳар қандай маъмурият давридагидан энг паст даражада", фонд бозори кўрсаткичлари эса 70 фоиздан ортиқроққа ўсди.















