Улуғбек Исматов – Ўзбекистонда стартаплар, медиа ва IT соҳасида кўзга кўринган ёшлардан. Сифатли медиаконтент яратиш билан шуғулланувчи «Be creative» медиа маркази таъсисчиси. Ёшлар иттифоқи қошидаги Ёшлар медиа марказига ҳам раҳбарлик қиляпти.

Улуғбек Исматов ҳеч қандай ресурссиз ўз ғоясини оёққа турғазгани, ўзи ашаддий ёмон кўрган Ёшлар иттифоқидаги фаолияти, ғоялар генерацияси ва муваффақиятли стартаплар сири ҳақида гапириб берди.

«Энг ашаддий ҳейтердан бошқарув раисига айландим»

– Ёшлар иттифоқи 2017 йилда ташкил этилган бўлса, 2019 йил май ойига қадар мен бу ташкилотнинг ашаддий ҳейтерларидан (ёмон кўрувчи – таҳр.) эдим. Университетимиздаги Ёшлар иттифоқининг фаолиятидан келиб чиққан ҳолда баҳо берардик. Жиддий кийиниб олиб, доскаларга ўз суратларини ёпиштириб қўйишарди. Иш жараёнида энг кулгига оладиган мавзумиз иттифоқ эди.

Аммо 2019 йил апрель ойида Ёшлар иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевдан таклиф тушди. Аввалига роса иккиландим, ўйландим. Бу пайтда ўзимизнинг «Be creative» медиа марказимиз доимий ишлай бошлаган, номдор мижозлар билан ҳамкорлик қила бошлаган эди.

Анча ўйлаб, иттифоқ жамоасига қўшилиш таклифига рози бўлдим, буни чақириқ сифатида қабул қилдим. Келиб кўрдим, ҳақиқатан ҳам бу ташкилотда одамлар тиним билмай меҳнат қилар экан. Ҳозирда Ёшлар иттифоқи Ёшлар медиа маркази бошқарув раисиман.

Стартаплар учун стартап

– 2018 йилда «Startap market» лойиҳасини ишлаб чиқдик.

Бу лойиҳа қандай пайдо бўлган? 2017 йилда танловда қатнашганимда 400дан зиёд стартап лойиҳа иштирок этган. Танлов дастури тугагандан кейин эса уларнинг биронтаси ҳам йўқ. Мен шуларнинг ҳаммасини жамлайман деб ўйладим. «Startap market»нинг ғояси туғилди. Бу – Ўзбекистондаги барча стартапларни жамлайдиган ягона платформа бўлади. Ҳамма стартаплар ўз йўналиши бўйича битта жойда жамланиб, лойиҳа муаллифига инвестордан нима кераклиги аниқ-равшан кўрсатилади. Қанча пул кераклиги, қанча фойда олиниши, қанақа муаммони ечиши − барчаси жойлаштирилади.

Бу лойиҳада биз фақатгина маҳаллий эмас, хорижий инвесторларни ҳам жалб қилмоқчимиз. Шу ўринда хориж билан алоқаларни йўлга қўймоқчи бўлганларга маслаҳатим: LinkedIn тармоғида аккаунт очишсин. У ерда жуда кўп раҳбарлар ўтиради. Улар билан орангиздаги масофа биттагина хабар. Битта чиройли хабар ёзиб жўнатсангиз, у сизга жавоб ёзади.