Ўзбекистон | 10:02 / 17.02.2020
15565
2 дақиқада ўқилади

1 мартдан бошлаб назорат остидагиларга ёрдам кўрсатиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади - Ҳукумат қарори

Пробация хизмати фаолиятининг механизмларини такомиллаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш зарурати юзага келмоқда

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 1 мартдан бошлаб назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ички ишлар вазирлиги:

а) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институтида Пробация хизмати ходимлари малакасини ошириш тизимини йўлга қўяди;

б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан биргаликда пробация фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни белгилайди;

в) икки ой муддатда пробация бўлинмалари ходимларини Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига рағбатлантириш тартибини тасдиқлайди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ички ишлар вазирлигининг мурожаатига асосан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобига пробация бўлинмаларининг юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланишини таъминлайди.

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда юридик йўналишдаги олий таълим муассасалари таълим дастурларига назорат остидагиларнинг ижтимоий-психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзулар киритилишини таъминлайди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли олий таълим муассасаларида психология йўналиш бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг пробация бўлинмаларида амалиёт ўташини йўлга қўяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид