«Ислом молияси» Telegram-каналида америкалик миллиардер Рэй Далионинг «Тамойиллар» номли машҳур китобининг рус тилига эркин таржимаси бериб борилмоқда. Kun.uz мухбири ушбу мулоҳазаларни ўзбек тилига ўгирди.

Рэй Далио / Фото:  Moritz Hager via Flickr

Ёмон қарорлар ва фикрлар сизга қимматга тушиши мумкин.

Мен ҳар доим ўзимнинг муҳим фикрларим ва қарорларимни қайта текшириб тураман. Уларни кўриб чиқиб, қаерда хато қилганимни тушуниш учун энг малакали экспертлар, билимдон ва тажрибали инсонларнинг фикрлари ва нуқтайи назарини тинглайман.

Мен кибр ва ўзига ортиқча ишонишдан эҳтиёт бўламан. Керакли даражада ишончга эга бўлмагунимга қадар маълумот тўплашни давом эттираман ёки билимсизлик хавфига дучор бўлишдан халос бўлиб, муаммони билмаслигимни ёки вазиятнинг ноаниқлигини тан оламан.

Шунинг учун менинг тамойилим – энг холис нуқтайи назарга эга бўлиш, уни стресс-тестдан ўтказиш (яъни унинг ростлиги, асослилиги ёки долзарблигини қайта текшириш), ўзига ишончни четга суриш, ўз қарорларининг оқибатларини аниқ англай олиш ва доимий равишда комилликка эришишдан иборат.

Айримлар учун бундай матнлар реал ҳаётнинг шафқатсиз воқеликларидан узоқ, қуруқ фалсафага ўхшаб кўриниши мумкин. Лекин агар ўз қарорларингиз сифатини чинакам баҳолашни бошласангиз, бунинг аҳамиятини тезда тушуниб оласиз.

Бунинг учун шунчаки ҳаётий муҳим қарорларингизни ёзиб чиқинг. Нима учун айнан бу қарорни қабул қилганингизни ва уларнинг ҳар бирида қандай омиллар ҳал қилувчи бўлганини виждонан, рўй-рост ёзинг.

Ана шунда қарорларингиз ортида ҳаётингиз фалсафаси, қўрқувлар, ҳиссиётлар, ижтимоий босим, лаҳзали ҳаракатлар, интилишлар, оқиллик бор-йўқлигини кўрасиз. Ва бу сизнинг ўз ҳақиқатингизни топиш йўлида сарагини ажратишнинг биринчи босқичи бўлиши мумкин...

Ростгўйлик, ҳаёт ҳақиқатлари ва ўта очиқлик

Рэй Далионинг хулосасига кўра, ҳаммамиз хато қиламиз, камчиликлар ҳаммада бор. Бу ерда муҳим жиҳат – ана шу хатоларимизга қандай ёндашувда эканимиз.

Хатоларга яширинган доноликни англаб, шу орқали биз бу хатоларни такрорлаш ва янги муваффақиятсизликларга учраш хавфини камайтирамиз.