АҚШ президенти Дональд Трамп туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти чоғида Суриянинг Идлиб провинциясидаги вазиятни муҳокама қилган ва Россия Суриянинг амалдаги ҳукуматини қўлламаслиги кераклигини айтган.

Anadolu агентлиги хабарига кўра, Америка раҳбари Идлибдаги зўравонлик ҳолатларини қоралаган ҳамда Эрдўғанга Туркиянинг гуманитар фалокатнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган

«Президент Трамп Қўшма Штатлар Россия Асад [Сурия президенти Башар] режимининг ваҳшийликларини қўллаб-қувватлашига чек қўйилиши ва Сурия можароси сиёсий йўл билан ҳал қилиниши тарафдор эканини билдирди», — дейилади Оқ уй релизида.

Бундан аввалоқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Идлибдаги вазиятга тўғридан-тўғри аралашиши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, айни вақтда бу мавзуда гаплашишнинг мавриди эмаслигини айтганди. Шу тариқа, у Туркия президентининг Суриядаги вазиятни Дональд Трамп билан муҳокама қилиш ниятига муносабат билдирганди.

Муносабатларда совуқчилик бошланганига қарамай, Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли «Известия» нашрига берган интервьюсида Россия ва Туркия Идлиб бўйича якуний келишувни ишлаб чиқиш борасида музокараларни давом эттираётгани ҳақида айтиб ўтган.

«Ҳали кўп ишлаш керак, биз бу масалада Россия билан ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. <…> Биз Сурия муаммоси ҳамкорлигимиз сусайтиришига ва ўзаро муносабатларда акс этишига йўл қўймаслимиз керак», — дея қайд этган туркиялик вазир.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Туркия билан музокаралар самарали бўлишига ишонч билдирган. «Россия томонидан чуқурлаштирилган музокаралар олиб борилади», — деган у.

Туркия раҳбари аввалроқ РФ президенти Владимир Путиндан Сурия президенти Башар Асадга таъсир кўрсатиб, унинг армияси Идлибга юришни тўхтатиши ва февраль ойи охирига қадар суриялик ҳарбийлар туркларнинг кузатув пунктларидан узоқроққа кетишига эришишда ёрдам беришни сўраганди.

Эрдўған агар бунга эришилмаса, Туркия ҳарбий йўл билан жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди. Аммо кейинроқ у Анқара февраль ойи охиригача кутмоқчимаслигини айтиб, Сурия армиясидан зудлик билан чекинишни талаб қилганди.