У Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўтмиш воқеаларини хотирлади.

Римажон Матназаровна Худойберганова (1988 йил) / Шахсий архив

2020 йилнинг 18 февраль куни Дилфуза Уралова Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими этиб тайинланди. Шундан сўнг Ўзбекистонда раҳбар бўлиб ишлаган аёллар, хусусан, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими бўлган Манзура Эгамова, Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлаган Шакаржон Хўжаниязова, Самарқанд вилояти Самарқанд туманига ҳоким бўлган Раҳима Ҳакимова эсга олинди.

Аммо Ўзбекистоннинг янги тарихида бундан ҳам каттароқ миқёсда – вилоятга раҳбарлик қилган аёл ҳам бор. У Римажон Худойберганова бўлиб, уч йил давомида Хоразм вилоятини бошқарган.

Римажон Матназаровна Худойберганова (2020 йил)

Маълумот ўрнида, Худойберганова Римажон Матназаровна 1942 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 1960-1966 йилларда Тошкент текстил институтида таълим олган. Мутахассислиги – тикувчи. 1966 йилда Урганч тикувчилик фабрикасига ишга кирган. 1972 йилда фабрика директори қилиб тайинланган. 1980-йиллардан бошлаб партия тизимида турли лавозимларда ишлаган. 1988 йил сентябрь ойида Хоразм вилояти партия қўмитаси биринчи котиби қилиб сайланган. Бу ҳозирги вақтдаги вилоят ҳокимлигига тенг лавозимдир. Қайд этиш жоизки, Римажон Худойберганова ўша вақтда вилоятни бошқараётган СССРдаги ягона аёл бўлган.

78 ёшли Римажон Матназаровна ҳозир нафақада. Турмуш ўртоғи Карим Зарипов билан Урганч туманидаги уйида яшамоқда, набираларини тарбиялаб, кексалик гаштини сурмоқда. Биз у билан учрашдик, ўтмишдаги меҳнат фаолияти қандай кечгани билан қизиқдик, тарихдаги машҳур инсонлар билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўрадик.

Римажон Худойберганова уруш ва меҳнат фахрийлари даврасида / Шахсий архив

Римажон опа, келинг тарихни саҳифалаймиз. Сиз Хоразм вилояти раҳбарлигига қандай тайинлангандингиз?

— Хоразм вилоятига раҳбарлик қилишдан олдин турли лавозимларда ишлаганман. Кўп йиллар давомида Урганч тикувчилик фабрикасига, Хоразм вилояти тикувчилик бирлашмасига раҳбар бўлдим.