Кокусларнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Сандерс ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига номзод бўлиш учун демократлар орасидаги асосий даъвогардир. Аммо Демократик партиянинг якуний танловини ҳали узоқ кутишга тўғри келади.

Дастлабки натижалар яна шуни англатадики, Байден Невадада аввалги икки штат (Айова ва Нью-Ҳэмпшир)дагидан кўра яхшироқ нуфузга эга.

АҚШда президентлик пойгаси. Бу ҳақда нималарни билиш лозим?

Айовадаги кокусда Пит Буттижич кичик устунлик билан биринчи бўлган, Сандерс 0,1 фоизлик фарқ билан иккинчи ўринни эгаллаганди.

Нью-Ҳэмпширдаги праймеризда эса 78 ёшли Сандерс 26 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонди, 1,6 фоиз камроқ овозга эга бўлган Буттижич бу сафар иккинчи бўлди.

Ҳозир эса Невадада бюллетенларнинг 50 фоизи ҳисоблаб чиқилган вақтда сенатор Сандерс 46,6 фоиз овоз олган, Байденда - 20 фоиз. Кейинги ўринларда Буттижич (15,4 фоиз) ва Элизабет Уоррен (10,3 фоиз) боришмоқда. Бу эса Байденнинг сайловолди кампаниясида сезиларли ўсиш бўлганини кўрсатади, Айовада ва Нью-Ҳэмпширда у тўртинчи ва бешинчи ўринлардан юқорига кўтарила олмаганди.

«Good bye, Biden!» — Сайловда Трампга ким рақиб бўлади?

Июлда партия съездида якуний сайловлар ўтказилади. Бирламчи сайловлардаги муҳим босқич 3 март куни бўлиб ўтадиган «суперсешанба»дир, шу куни АҚШнинг биратўла 14та штатида праймериз ўтказилади.

Шанба кунигача Сандерсда уни қўллаб-қувватлаётган 21 делегат бор эди. У президентликка номзоди кўрсатилиши учун 3979 делегатдан 1990 нафарини ўзига оғдириши керак бўлади.

Невададаги сайловдан кейин Сандерс ўз чиқишида жамоасини мақтади ва амалдаги президент Дональд Трампни танқид қилди. «Америкаликлар ҳамиша ёлғон гапирадиган президентдан чарчашди», - деди у. Байденнинг кампанияси ҳам муҳим тадбир ўтказди. Унинг ўзи «Қайтиш шу ердан [Невададан] бошлангани»ни маълум қилди.

«Матбуот одамларни ўлганга чиқаришга шошилади, аммо биз тирикмиз, биз қайтдик ва ғалаба учун ҳозирланмоқдамиз», - деди Байден.