Президент “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Белгиланишича, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар:

2021 йил 1 январдан бошлаб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди, қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно;

2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд “Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)”, “Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)”, “Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)” ва “Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR)” сертификатларидан (халқаро бухгалтер сертификати) бирига эга камида уч нафар мутахассис миқдорида МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари билан таъминлайди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йилдан бошлаб, ушбу бандда кўрсатилмаган давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат корхоналарининг МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашга ўтиш жадвали ҳар йили тасдиқланиши ва 1 июнга қадар расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминлайди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.

Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади ва унга қуйидаги функциялар юкланади:

Давлат солиқ қўмитаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда МҲХСнинг жорий этилишини, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий ҳисоботлар МҲХС асосида ўз вақтида эълон қилинишини мониторинг қилиш;

МҲХС соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича жаҳоннинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш, шу жумладан бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича нодавлат таълим ташкилотларини (аккредитациядан ўтган ўқув марказлари) ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказиш юзасидан бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар (Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси (Association of Chartered Certified Accountants - ACCA) ва бошқалар) билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш;