Kun.uz ва Tribuna.uz сайти мухбирлари бу сафар Жиззах шаҳрида бўлиб, Улуғбек Бақоев бошқарувидаги «Сўғдиёна» жамоасининг мавсум олди тараддуди, стадиони ва таркибдаги ўзгаришлари билан танишдик.

Клуб стадиони

Дастлаб Жиззахдаги «Сўғдиёна» стадионида бўлиб, ўйингоҳнинг янги мавсумга қандай ҳозирланаётгани билан танишдик. Қайд этиш жоиз, ўлкамизда ҳали қиш фасли ҳукмронлигини инобатга олсак, арена майдони тез орада талаб даражасига келишини кутиш мумкин.

11 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира оладиган стадионнинг трибуналари, таблоси ва ёритиш тизимида муаммо йўқ, фақат чемпионат бошланишидан аввал шай ҳолатга келтирилади.

Жиззахда янги мавсум очилиш маросими Суперлига 2-тури доирасида 7 март, шанба куни ўтадиган «Сўғдиёна» – ОКМК ўйини билан бошланади.

Таркибда қандай ўзгаришлар қилинди?

Ўтган мавсум кутилмаганда бронза медаллари учун курашиб, якунда 4-ўринни эгаллаган «Сўғдиёна» клуби мавсумлар оралиғида таркибда катта ўзгариш қилиши шарт эмасди. Шу боис, Улуғбек Бақоев асосан жамоани тарк этган футболчилар ўрнига мос ўйинчиларни таклиф этиб, яримҳимояни легионерлар эвазига кучайтиришга эътибор қаратди.

Жамоа учун энг катта йўқотиш Кахи Махарадзе бўлди, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда грузиялик легионер 2019 йилги мавсумда жамоа етакчиларидан бирига айланганди. У «Локомотив» сафига қайтди. Шунингдек, Никола Милинкович, Иззат Абдуллаев, Шерзод Файзиев, Сирож Мелиев, Нуриддин Ҳасанов, Муҳаммадали Юлдашев сингари футболчилар ҳам Жиззах клуби билан хайрлашишди.

Жамоани тарк этган 7 нафар футболчи ўрнига Улуғбек Бақоев 7 нафар янги футболчи – Сербиядан Марко Калакович, Бразилиядан Рибейро Дантас, шунингдек «Динамо»дан Баҳодир Насимов, ОКМКдан Санъат Шихов, «Сурхон»дан Аюбхон Нўъмонов, «Металлург»дан Шавкат Муллажонов, «Бунёдкор»дан Жавоҳир Қаҳрамонов каби ўйинчиларни таклиф этди.

«Сўғдиёна» таркиби қандай кўриниш олади?