Ўзбекистон Республикасида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиши муносабати билан пардозлаш ишлари ҳажми ортиб бормоқда. Турар-жой бинолари, жамоат ва саноат биноларини қуришда пардозловчи материаллар сифатида табиий пардозбоп тошлардан қайта ишланган плиталар, меъморий маҳсулотлар кенг қўлланиб келинмоқда. 

Табиий тош машҳур ва изланадиган қурилиш материаллари тоифасига киради. Маҳсулотнинг экологик тозалиги, узоқ хизмат қилиш муддати, табиий тузилиш, турли хил шакллар ва ранглар уни кенг кўламда қурилиш, ободонлаштириш, йўлак ва йўл четлари, йўл ва платформаларни ётқизишда ишлатиш имконини беради.

Шунингдек бугунги кунда табиий пардозбоп тош маҳсулотларидан биноларни безатиш учун турли хил фасад тизимларида фаол фойдаланилмоқда. 

Ҳозирги кунда 101 та табиий пардозбоп тош (мармар, гранит, габбро ва ҳ.к.) конлари давлат захирасига киритилган (умумий захираси – 118,7 млн м3) бўлиб, шундан 51 та кондан ёки 43%дан (50,9 млн м3) фойдаланилиб келинмоқда.

2018 йилда табиий пардозбоп тош конларидан жами 209,0 млн м3 мармар, гранит, габбро ва бошқалар қазиб олинган. Бу 2017 йилга (131,5 млн м3) нисбатан 37 % га ортганлигини кўрсатади.

Эътиборлиси, 2019 йилда 1,0 млн долларлик 2,5 минг тонна табиий ва пардозбоп тошлар экспорт қилинган.

2018 йилда табиий пардозбоп тошларни қайта ишлашга ихтисослашган 155 та корхона томонидан 4,5 млн м2 дан ортиқ мармар, гранит, габбро ва бошқалардан плиталар, меъморий маҳсулотлар (йўл ва йўлак бордюрлари, архитектуравий маҳсулотлар ва бошқалар) ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилган йирик инвестиция лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида республика ҳудудида табиий пардозбоп тошларни қайта ишлашга ихтисослашган 200 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда.

Яна бир маълумот, ушбу йўналишда ишлаб чиқаришни ҳажми ва сифатини янада ошириш мақсадида шу кунгача табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, габбро ва бошқалар) қазиб олиш ҳамда геология қидирув ишлари олиб бориш учун тадбиркорларга 118 та лицензиялар берилган.

2019-2021 йилларда табиий пардозбоп тошларни (мармар, гранит, габбро ва бошқалар) қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада йиллик ишлаб чиқариш қуввати қарийб 3,0 млн м2 ни ташкил этади.