Болалиги ва ҳарбий таълим

Муҳаммад Ҳусни Саййид Муборак 1928 йилда Нил дарёси яқинидаги Минуфия вилоятида туғилган. Унинг отаси узоқ йиллар суд ва ҳокимият тизимида ишлаган. Илк сабоғини қишлоғидаги мактабда бошлаган Муборак кейинчалик Шибин ал-Қум шаҳарчасидаги мактабга кўчиб ўтади ва ўрта мактабни ўша ерда битиради.

Шундан сўнг ёш Муборак Қоҳирадаги ҳарбий академияда ўқий бошлайди ва 1949 йилда бакалавр дипломини олади. 1959-1960 йилларда Москвадаги Фрунзе номидаги ҳарбий авиация билим юртида таҳсил олиб, ватанига қайтгач, у Ямандаги фуқаролар урушида Миср тинчликпарвар кучларига қарашли ҳарбий-ҳаво кучлари эскадрилясига бошчилик қилади.

1964 йилда бўлажак президент яна Москвага қайтади ва бу сафар бир йил давомида Миср ҳарбий делегацияси таркибида Фрунзе номидаги ҳарбий академияда таҳсил олади, ҳарбий учувчиликдан сабоқ олади. Бу вақтда СССР ва Миср ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқалар яхши бўлган. СССР Мисрга ҳарбий самолётлар етказиб берар, мисрлик ҳарбий учувчилар асосан ўша самолётларни бошқаришни ўрганишади.

Мисрга қайтган Муборак Қоҳира яқинида жойлашган ҳарбий авиабазада авиация бригадири лавозимида хизмат қила бошлайди. У 1967 йилда Араб-Исроил урушида қатнашади. Бу урушда Исроил ҳарбийлари томонидан Миср ҳарбий авиацияси батамом тор-мор келтирилади. Аммо Муборакнинг ҳарбий учувчилик маҳорати туфайли Сувайш канали устидан назорат сақлаб қолинади ҳамда Муборак Мисрда қаҳрамонга айланади.

Муборак вице-президент бўлиши учун президентлик сари йўлини очади / AFP

1967 йилда Мисрнинг ўша пайтдаги президенти Жамол Абдул Носир Ҳусни Муборакни Миср ҳарбий ҳаво кучлари штаби бошлиғи этиб тайинлайди. Шундан сўнг у ҳарбий ҳаво кучларини қайтадан ташкил қила бошлайди.

Муборак 1970-72 йилларда давом этган Миср-Исроил урушида муваффақиятли амалга оширилган бир нечта ҳарбий амалиётга бошчилик қилади.

1972 йилда у Миср мудофаа вазирининг ўринбосари ва ҳарбий-ҳаво кучлари бош қўмондони этиб тайинланади. 1973 йилда у авиация маршали унвонини олади ва ўша йили бўлиб ўтган Араб-Исроил урушининг тўртинчисида Миср ҳарбий-ҳаво кучларини бошқаради.

Ҳарбий хизматдан катта сиёсатга

Анвар Саодат ва Ҳусни Муборак / GETTY IMAGES