Навбатдаги мурожаат ортидан Фарғона вилояти Олтиариқ тумани томон йўл олдик.

«Маориф» маҳалласининг Маориф кўчасида яшовчи фуқаролар 20 йилдан бери ичимлик суви йўқлиги муаммоси ҳақида ёзишган.

Маҳаллада аҳли муаммоларни баён қилишди.

Дарҳақиқат, бу ердагилар рўзғор учун энг керакли бўлган ичимлик суви йўқлигидан қийналиб яшашмоқда.  

«Кўчамизда 20 йилдан ошиқроқ вақт ичида 100дан зиёд хонадон учун тоза ичимлик суви бўлмаган. Сувни катта йўл ёқасидаги булоқдан 1-2 километр масофадан ташиб ичамиз. Ҳовлиларимизга зах сув тортиш иншоотидан сув тортиб келганмиз. Ундан томорқани суғориш учун фойдаланамиз. Истеъмол учун яроқсиз. Текшириш учун сув намуналарини туман ДСЭНМга олиб борганмиз, улар «Ичиш учун яроқсиз!», деб ёзилган лаборатория хулосаси берган.

Тоза ичимлик суви бизда доимий муаммо.

Бу масала юзасидан 2019 йил февраль ойида маҳалламизга республика ишчи гуруҳи келганида арз қилганмиз. Ишчи гуруҳи вакили туман мутасаддиларига «10 кун ичида ўрганинглар», деб топшириқ берганди. Ўрганилди.

Ишчи гуруҳ раҳбари Олтиариқ туман «Сувоқова» бошлиғидан «Маориф» маҳалласидаги ичимлик суви муаммосини тез кунда ҳал этишнинг имкони борми?» деб сўраган. Ташкилот раҳбари бажаришга ваъда берганди. Бироқ ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Кўчамизга ёнма-ён кўчаларда сув миноралари бор. Ўша миноралардан сув тармоғи тортиш мумкинлигини ишчи гуруҳи вакилларига айтганмиз. Шундан сўнг, маҳалла вакиллари 2-3 марта ҳокимиятга бориб, тармоқ учун 700 метр полиэтилен қувур ажратилишига эришдик.