Ўзбекистон | 14:55 / 29.02.2020
5783
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва толиблар ўртасидаги битим тинчликка олиб борувчи йўлнинг ниҳояси эмас, балки фақат бошланишидир - Комилов

Жорий йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида узоқ кутилган ва афғон халқи учун умуммиллий ярашув жараёнини бошлаши мумкин бўлган “тинчлик келишуви”нинг имзоланиши кутилмоқда

Фото: AFP

“Халқ сўзи” Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг асосий жиҳатлари хусусида Ўзбекистоннинг қарашлари ва республиканинг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, 18 йилдан буён тўхтамаётган жанглардан сўнг АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида битим имзоланиши бутун минтақа учун муҳим воқеа бўлади.

“18 йилдан буён тўхтамаётган жанглардан сўнг АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида битим имзоланиши, албатта, бутун минтақа учун муҳим воқеадир. Бунинг Афғонистондаги тинчлик учун аҳамиятини баҳолаш мушкул вазифа.

Аммо олдинда ҳали мураккаб иш турибди. Вазиятни тўғри тушуниш керак. Кўплаб қийин, нозик муаммолар сақланиб қолмоқда. Аслини олганда, АҚШ ва толиблар ўртасидаги битим тинчликка олиб борувчи йўлнинг ниҳояси эмас, балки фақат бошланишидир.

Ҳозир бевосита тинчлик жараёни, афғонлараро тўғридан-тўғри мулоқотни бошлаш муҳим. Эндиликда ҳамма нарса Афғонистон халқининг мустаҳкам иродаси, бирлиги ва қатъиятига боғлиқ.

Шу муносабат билан имкон қадар тезда ҳукумат ва мухолифат делегацияларини шакллантириш, Афғонистонни тинч йўллар билан қайта тиклаш барча масалалари бўйича конструктив мулоқотни бошлаш жуда муҳимдир. Бу жараён ҳар қандай ташқи аралашувдан холи бўлиши керак. Бир сўз билан айтганда, Афғонистон тақдири афғонларнинг ўз қўлидадир”, - деди Абдулазиз Комилов.

Мавзуга оид