Ўзбекистон | 14:29 / 29.02.2020
18349
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг «Толибон» билан мулоқоти қандай тамойилга асосланган? Вазир изоҳ берди

Жорий йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида узоқ кутилган ва афғон халқи учун умуммиллий ярашув жараёнини бошлаши мумкин бўлган “тинчлик келишуви”нинг имзоланиши кутилмоқда

Фото: РИА Новости

“Халқ сўзи” Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг асосий жиҳатлари хусусида Ўзбекистоннинг қарашлари ва республиканинг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан суҳбатлашди.

Вазирнинг сўзларига кўра, толиблар афғон жамиятининг бир қисми.

“Толиблар афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз давлатининг келажагини белгилашда иштирок этишлари лозим деган тамойилга асосланганмиз.

Энг янги тарих нуқтаи назари билан қараганда, “Толибон” ҳаракати билан бугунги мулоқотни биз кўп томонлама тинчлик жараёнини қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш сифатида кўрамиз. Ўзбекистон ушбу жараённи 1990-йилларда “6+2” форматида қўллаб-қувватлашга анча уринган эди. Айни ўша пайтларда бизнинг вакилларимиз Қандаҳорда толиблар раҳбарлари билан учрашган.

Бу борада эътиборингизни бир масалага қаратмоқчиман.

Фикримизча, 2001 йилги Афғонистон бўйича Бонн конференциясининг асосий хатоси шундан иборат эдики, мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларга толибонлар жалб қилинмаганлиги оқибатида уруш яна 18 йилдан буён давом этиб келмоқда.

Аввалги йилларда бўлганидек, бугун ҳам умумий вазифа ўзгармасдан қолмоқда, яъни имкони бор масалаларда аста-секинлик ва сабр билан ўзаро консенсусга эришиш мақсадида ҳар ерда тўғридан-тўғри кенг қамровли афғонлараро инклюзив музокараларни йўлга қўйишдир.

Шу маънода, толиблар билан мулоқот нафақат мақсадга мувофиқ, балки ўта зарур ҳамдир. Бироқ ҳар қандай тинчлик жараёнининг бошланиши “Толибон” ҳаракатининг ҳар қандай террорчилик фаолияти ва зўравонликдан воз кечиши, АҚШ билан имзоланган битим моҳиятида кўзда тутилганидек, ўт очишдан воз кечишга, албатта, риоя қилишни тақозо этади”, - дейди Абдулазиз Комилов.

Мавзуга оид