Испания ҳукумати маълумотига кўра, мамлакат шарқидаги Валенсия провинцияси ҳудудида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилган. Шахси маълум қилинмаган эркак 13 февраль куни оламдан кўз юмган. Текширувлар натижалари сешанба куни эълон қилинди - унинг вафотига Covid-19 коронавируси сабаб бўлган.

Айни вақтда мамлакатда 110 кишида вирус аниқланган.

Эрон: 2336 бемор, 92 ўлим
Бу вақтда Эронда 54 мингдан ортиқ маҳбус тўлиб-тошган қамоқхоналарда маҳбуслар орасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун улар вақтинчаликка озодликка қўйиб юборилди.

Эрон суд тизими расмийларидан бирининг маълум қилишича, Covid-19 аниқланмаган ва ўзи учун гаров пули тўлаганларгина қўйиб юборилган.

Хавфли жиноятчилар ва 5 йилдан ортиқ муддат олган маҳбуслар қамоқхонада қолишади.

Келиб чиқишига кўра эронлик бўлган Британия фуқароси - 2016 йилда Эронга қизини кўргани келганида қўлга олиниб, жосусликда гумонланган ҳолда 5 йилга қамалган Назанин Загхари-Рэтклифф ҳам озодликка чиқарилиши мумкин.

Загари-Рэтклиффнинг хайрия ташкилоти ва Британия ҳукумати унга қўйилган айбловларни қатъиян рад этган. Британия парламенти депутати Тулип Сиддиқ твиттердаги саҳифасида Эроннинг Буюк Британиядаги элчисига асосланган ҳолда у озодликка чиқиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Айни вақтда бутун дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланишнинг 93 198 ҳолати қайд этилган, 3215 киши вирус қурбонига айланган - ўлим ҳолатларининг аксари Хитой ҳудудида.

Эронда яна 12 кишининг ўлими тасдиқланди ва бу мамлакатда вирус тарқалгани эълон қилинганидан кейин икки ҳафтага яқин вақт ичида камида 92 киши вафот этган.

Сешанба куни Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19 билан зарарланишнинг яна 835та янги ҳолати ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, қаторасига иккинчи кун касалланганлар сони бир ярим баробарга ошди, айни вақтда мамлакатда вирус юқтирганлар сони 2336 нафарни ташкил қилмоқда.

Эрон ҳукумати вирус аниқланган илк кунданоқ жаҳон ҳамжамиятига барча маълумотларни тўлиқ бериб бораётганини билдирган, аммо мутахассислар Эрондаги ҳақиқий рақамлар бутунлай бошқача бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Душанба куни Теҳрондаги вазиятни баҳолаш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоаси етиб келди. Улар келган самолётда тиббий воситалар, ҳимоя либослари ва 15 минг тиббий ходим учун мўлжалланган бошқа жиҳозлар, шунингдек 100 минг кишини коронавирусга тест қилиш учун лаборатория ускуналари ҳам олиб келинган.