АҚШ президентлиги сайловидаги асосий воқеалар бошланиши арафасида Жо Байденнинг ўзи ғалаба қозонишига шубҳа қилмаётгандек эди.
Сешанба тонгида у Лос-Анжелесда ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда чиқиш қилди - у саҳнада чап қўлида музқаймоқ кўтарган ҳолда пайдо бўлди.
«Мен қабрдан қайтдим. Сиз мени эрта кўмиб қўйдингиз, лекин мен ҳали ўлмагандим», - деди собиқ вице-президент мамнун жилмайган ҳолда.
Маҳаллий вақт билан сешанба куни ярим тунда навбатдаги праймеризлар ўтказилган АҚШнинг 14та штатида ва Америка Самоасида Жо Байден ҳеч нарсани бўрттириб гапирмаётгани ойдинлашди: овоз беришлар якунларига кўра, у 9та штатда ишончли ғалабага эришган - Алабама, Арканзас, Массачуссетс, Миннесота, Шимолий Каролина, Оклаҳома, Теннеси, Виржиния ва Техасда.
Яна бир штатда - Мэнда ҳам у ўзининг асосий рақиби Берни Сандерсни кичик фарқ билан ортда қолдирмоқда, бу штатда овозлар ҳали тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб бўлинмаган.

Сандерс фақат Колорадо, Юта ва ўзининг штати бўлмиш Вермонтда устун келган. Социологларнинг ҳисоблашича, мустақил сенатор ҳали Калифорнияда ғалаба қозониб «суперсешанба»нинг асосий сюрпризини тақдим этиши ҳам мумкин - ғарбий штатда энг кўп делегат овози учун курашилади.

АҚШда президентлик пойгаси. Бу ҳақда нималарни билиш лозим?
«Суперсешанба» нима дегани?
Анъанага кўра, 50 йилдан буён айнан шу кун АҚШда президентлик кампаниясидаги асосий кун ҳисобланади.
Икки сиёсий партиянинг миллий қўмиталари «суперсешанба»га қадар қайси штатларда кокуслар ва праймеризлар бўлиб ўтишини белгилашади. Бу сафар Айова, Нью-Ҳэмпшир, Невада ва Жанубий Каролинада «суперсешанба»дан олдин бирламчи сайловлар бўлиб ўтди. Праймеризда овоз берувчилар Партиянинг миллий съездида у ёки бу номзод тарафида туриб қатнашадиган делегатлар сонини аниқлаб беришади.
Дастлабки тўртта штатдаги бирламчи сайловларда атиги 155 делегат овози учун кураш олиб борилганди, Демократик партиядан президентлик сайловида номзод бўлиш учун эса 1 991 делегат овозини ютиш керак бўлади. «Суперсешанба»да 1 357 нафар делегат овози учун курашилади.



















