2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон 100 баллик шкалада 10 балл тўплаган. Бунда республикага сиёсий ҳуқуқлар бўйича 40 баллдан 2, инсон эркинликлари бўйича 60 баллдан 8 балл берилган.

Янги ҳисоботда Ўзбекистон ва Беларусдаги парламент сайловлари мухолиф партияларсиз ўтгани айтилган.

«Натижада қонун чиқарувчи ҳокимият тўлалигича ҳукуматга ён босувчи гуруҳлар қўлида қолмоқда», – дейилади Freedom House шарҳида.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 22 декабрь ва 2020 йил 5 январь кунлари Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Жараённи ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг тўлиқ миқёсдаги миссияси кузатиб борди. Миссия раҳбари Тана де Зулуета сайловдан кейинги матбуот анжуманида ютуқларни санаб, кўзга ташланган камчиликларни ҳам айтиб ўтганди.

«Хулосаларга кўра, ҳисоблаш жараёнлари охиригача силлиқ ўтмаган. Қонунда белгиланган процедураларга тўлиқ амал қилинмагани, натижалар ўзгаргани кўринди. Баъзи жойларда рақамлар камроқ эди. Ишлатилмай қолган бюллетенларни ҳеч ким ҳисоблаб чиққани йўқ. Ҳисоблар охиригача олиб борилмаган ҳолларни ҳам кўрдик. Кўрсаткичларнинг аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор киши, холис одам қайта санаб чиқмади. Хавфсизлик таъминланмаган каналлар орқали маълумотлар алмашинуви амалга оширилган ҳоллар ҳам кузатилган» - деганди миссия раҳбари.

ЕХҲТнинг Парламент ассамблеяси миссияси раҳбари Кари Хенриксен ҳам сайлов жараёнлари камчиликлардан холи бўлмаганини айтган. «Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар бўлиб ўтгани, улар керакли йўналишда олиб борилаётгани қайд этилганига қарамай, сиёсий вариантлар диапазони жуда чекланганлигича қолмоқда», – деганди у.

Содиқ Сафоев: «3 йил аввал Ўзбекистон энг авторитар давлатлардан бири эди»