Жамиятдаги фаол аёлларни танитиб борувчи «Ўзбекойим»нинг навбатдаги сонида Шаҳноза Соатова билан суҳбатлашдик.
У қонунларнинг ишлашидаги тўсиқлар, китобхонлик маданияти муаммолари, жамиятнинг аёлларга муносабати ва бошқа мавзулардаги қарашлари билан бўлишди.
«Ҳуқуқий саводхонликнинг ўзи етарли эмас – ҳуқуққа риоя қилиш кўникмаси ва хоҳиш ҳам керак»
– Инсон ҳуқуқни билиши мумкин, лекин унга амал қилиши, амал қилишни исташи бошқа масала. Гап фақат ҳуқуқий саводхонликнинг ўзида эмас.
Оддий мисол: ҳайдовчи йўлда пиёдани ўтказиб юбориш кераклигини билади, лекин ўтказиб юбормайди. Бу ҳуқуқни қўллашни исташи ёки бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш маъносида ҳайдовчининг ички маданиятига боғлиқ.
Ҳар бир бўғинда ҳуқуқий маданият билан муаммо бор. Мансабдорлар, давлат хизматчилари, оддий фуқароларда ҳам ҳуқуқий маданият билан муаммолар бор ва бунинг устида йиллар давомида ишлашимиз керак.
Маълумотни етказиб қўйган билан иш битмайди. Бир марта одамга маълумотни етказсангиз, бу – ахборот. Уни билимга айлантириш керак. Кейин кўникмага айлантириш, шу кўникмага риоя қилишга истак уйғотиш керак.
Умуман олганда, инсонларда қонунлар асосида яшаш қонунсиз яшашдан кўра ўзлари учун фойдали ва қулай эканлигини тушунишлари керак.
Бизда қонунга нисбатан менсимаслик бор, таъсирчанлик йўқ. Йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларимиз бор. Улардан энг каттаси – коррупция, уни жиловлаш қийин бўляпти.
Одамлар ҳамма қонунларни билиши имконсиз. Лекин иши тушиб борганда унинг ўз ҳуқуқини билмаслигидан у ердаги хизматчи фойдаланиб қолиши мумкин. Ҳуқуқини биладиган одамни алдаш қийинроқ. Шунинг учун одамлар ҳеч бўлмаса ўз элементар ҳуқуқларини билиши ва тепадагиларни пастдан туртиб туриши керак.
«Ўзбек тилини ўрганишдан манфаат бўлиши керак»

– Ўзбек тилининг тарғиботи суст даражада. Бошқа тил эгалари ўзбек тилини ўрганаман деганда уларга шуни сифатли тақдим этадиган на услубий қўлланмалар, на ўқув марказлари, на интернетда етарли контент мавжуд эмас. Бу нарса билан ҳеч ким ҳозиргача тизимли равишда шуғулланмаган. Ҳамма жойда ўзбек тилини ўргатувчи ахборотлар ёғилиб кетиши керак.
















