«Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори 2020 йил февраль ойида расмий матбуотда нашр этилганди.

Унга кўра, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, бухгалтерия ҳисоби юритилишини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида ташкил этади ва 2021 йил якунларидан бошлаб, молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашга ўтади.

Қарорда асосий мақсад - хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, деб белгиланган.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) нима учун керак ва улар нималардан иборат?

Инвесторлар ва бошқа молиявий ахборотдан фойдаланувчилар (масалан, давлат органлари, касаба уюшмалари, бизнес-шериклар ва ҳ.к.) ўзларини қизиқтирган ташкилот ҳақидаги маълумотдан манфаатдор бўлади. Бу манфаат эса уларнинг иқтисодий, инвестицион ва ҳуқуқий қарор чиқаришлари заруратидан келиб чиқади.

Мисол учун, улар акциядор киритган маблағлари қанчалик фойда келтириши, бизнес мулки қанчалик ўсгани, қарздорлик ҳолати қандай аҳволдалиги каби саволлар билан қизиқишлари табиий. Ундан ташқари, салоҳиятли инвестор бирор бизнесга маблағ киритиш ёки киритмаслик ҳақидаги қарорини яхшилаб баҳолашга уринади, бунда у ташкилотни иш юритаётган тармоқдаги бошқа ширкатлар билан солиштириб кўришига тўғри келади. Бунинг учун мазкур ташкилотнинг иқтисодий, мулкий ва молиявий ҳолати ва ўтган давр фаолияти натижалари ҳақидаги рақамли ва тушунтириш матнларидан иборат ҳисоботга зарурат туғилади. Айнан шу заруратни таъминлаш мақсадида, маркази Лондонда жойлашган Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлар кенгаши ушбу ҳисобот андозаларини ишлаб чиққан.  

Ҳисобот стандартлари молиявий маълумотларга оид ахборотни қандай мезонларга кўра тан олиш, уларни баҳолаш, таснифлаш, ифодалаш ҳақидаги қоидаларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз: МҲХС (IAS) 1 «Молиявий ҳисобот кўринишлари», МҲХС (IAS) 2 «Захиралар», МҲХС (IAS) 16 «Асосий воситалар», МҲХС (IFRS) 15 «Харидорлар шартномаларидан олинган савдо тушумлари», МҲХС (IFRS) 16 «Ижара», МҲХС (IAS) 41 «Қишлоқ хўжалиги», МҲХС (IFRS) 9 «Молиявий инструментлар» ва бошқалар.