Жаҳон | 04:01 / 12.03.2020
34143
3 дақиқада ўқилади

Лондонда Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва набирасига тегишли кўчмас мулкка тақиқ қўйилди  

Дариға Назарбоева ва унинг ўғли Нурали Алиев

Лондонда 2019 йилда “асосланмаган бойлик” сифатида тақиқ қўйилган ҳашаматли кўчмас мулк эгалари номи ошкор қилинди. Кўчмас мулк Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қатта қизи Дариға Назарбоева ва унинг ўғли Нурали Алиевга тегишли экани маълум бўлди. 

Бу ҳақда BBC телеканали Transparency International ва Finance Uncovered ташкилотлари ўтказган терговга таяниб хабар берди.

Фото: BBC 

Маълум қилинишича, Дариға Назарбоева ва унинг ўғли Нурали Алиев 100 млн доллардан кўпроққа Лондоннинг нуфузли туманларида иккита вилла ва апартаментлар сотиб олган. Ушбу кўчмас мулкнинг ҳозирги нархи анча юқори бўлиши мумкин. 

Уйлардан бири Британиянинг энг қимматбаҳо кўчаларидан бири Бишопс-авенюда, бошқаси Хайгейт туманида жойлашган. Шунингдек, Челси туманида катта квартира харид қилинган. Бу кўчмас мулк объектларига 2019 йил баҳорида Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари сўрови билан тақиқ қўйилган. Ўшанда объектлар таниқли сиёсий шахс билан боғлангани маълум қилинган, бироқ на манзил, на исмлар ошкор қилинган.

10 март куни Лондон олий суди кўчмас мулк эгаларининг эътирозларига қарамай, мулк эгалари ҳақидаги маълумотни ошкор қилишга рухсат берган.

Уйларга Британияда шубҳали пулларга уй сотиб олиш орқали пул ювишга қарши қаратилган янги кампания доирасида тақиқ қўйилган. Бу кураш доирасида мулк эгаси мулкнинг ҳалол топилган пулларга харид қилинганини исботлай олмаса, мулк мусодара қилиниши мумкин.

Таъкидланишича, Назарбоева ва унинг ўғлига тегишли кўчмас мулк объектлари учта ошфорда расмийлаштирилган. Британиянинг жиноятчиликка қарши курашиш миллий агентлиги (NCA) терговчилари тахминига кўра, кўчмас мулк объектлари Нурали Алиевнинг отаси ва Дариға Назарбоеванинг собиқ турмуш ўртоғи Роҳат Алиевнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларига харид қилинган.

Агар Назарбоева ва Алиев судда тақиқ бўйича муваффақиятли баҳслаша олсалар, у бекор қилинади. Акс ҳолда улар кўчмас мулк объектлари сотиб олинган пулларнинг қонунийлигини исботлашларига тўғри келади.

Агар улар буни қила олмасалар, Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўчмас мулкни мусодара қилиш ва аукционда сотишга рухсат берилишини сўраб судга мурожаат қилади. Кўчмас мулк сотилишидан олинадиган маблағ Британия ғазнасига тушади.

Мавзуга оид