Женевада ўтказилган матбуот анжуманида у бундан буён Европа давлатларида бошқа давлатлардагига қараганда (Хитой истисно) кўпроқ зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари кузатилиши кутилаётганини қайд этган.

Гебрейсус айни вақтда ЖССТ ҳисоб-китобларига бутун дунё бўйлаб вирусдан зарарланганлар сони 130 мингдан ошиб кетганини қайд этган.

Бошқа маълумотларга кўра эса бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 140 минг кишидан ошиб кетди. Улардан 70 мингдан ортиғи даволанишга муваффақ бўлди, 5123 нафари вафот этган. 

Вируснинг энг йирик ўчоқлари Хитой (81 минг ҳолат, 2177 ўлим), Италия (15,1 минг ҳолат, 1016 ўлим), Эрон (11,3 минг ҳолат, 514 ўлим), Жанубий Корея (7,9 минг ҳолат, 71 ўлим) бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Испания (4334 ҳолат, 122 ўлим), Германия (3481 ҳолат, 8 ўлим), Франция (2876 ҳолат, 51 ўлим), АҚШ (1840 ҳолат, 41 ўлим) ва Швейцария (1137 ҳолат ва 9 ўлим) давлатларида ҳам вирус тарқалиши тезлашмоқда.

Украина ташқи дунёдан ёпилмоқда

 

GETTY IMAGES

48 соатдан кейин Украина барча хорижликлар учун мамлакат ҳудудига киришни тақиқлайди.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Даниловнинг маълум қилишича, бундай тақиқ икки ҳафтага жорий этилган. Икки ҳафтадан кейин муддат узайтирилиши ҳам мумкин.

«Мамлакатимизда коронавирус бўйича ҳеч қандай ёмон ҳолат рўй бергани йўқ», - деган у ва украинларни ваҳимага тушмасликка чақирган.

Унинг сўзларига кўра, хориж давлатларида бўлган Украина фуқаролари ватанга қайтишлари мумкин, аммо «коронавирус авж олган» мамлакатлардан келувчилар жиддий текширувдан ўтказилади. У украинларни хорижга сафар қилишдан тийилиб туришга, шунингдек, мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ҳам камайтиришга чақирган.

Алексей Данилов ўтказаётган брифинг вақтида мамлакатда коронавируснинг илк қурбони қайд этилди. Житомир областида 71 ёшли аёл вафот этди, у яқинда Польшадан қайтганди. У Украинада жума куни ҳолатига кўра, коронавирус ташхиси қўйилган уч кишидан бири эди.

Чоршанба куни Украинанинг бутун ҳудудида 3 ҳафталик карантин жорий этилганди - бу 3 апрелга қадар давом этади.

Мамлакат ҳудудидаги барча таълим муассасалари ёпилган - боғчалардан тортиб олий таълим муассасаларигача. Шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказиш бекор қилинган.