Ўзбекистон | 09:54 / 16.03.2020
17257
2 дақиқада ўқилади

Чоралар ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди - Давлат божхона қўмитаси

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди

Фото: Norma.uz

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ҳузурида коронавирус инфекциясига қарши курашиш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда, 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи айрим фуқаролар томонидан экспорт-импорт тартибида транспорт воситаларида ташилаётган юклар ҳам чегарадан ўтказилмас экан-да, деган ортиқча хавотирлар билдирилмоқда.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига таалуқли эмас”, дейилади ДБҚнинг Kun.uz'га тақдим этган маълумотида.

Чегара ўтказиш ҳудудларида мазкур ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республика орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.

Таъкидланишича, мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкин.

Аввалроқ, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов вилоятлар шифохоналари коронавирус касаллигига қарши курашишга тайёр экани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид