«Бу бўйича анча олдин иш бошланган. Бу икки хил кўринишда бўлади. Ҳозир таътил. Ҳисоб-китоб қилдик. Ҳар битта синф учун, масалан 5-синф дейлик, ҳар битта мактаб учун 55та электрон кўринишдаги ўқув блоки керак бўларкан.

Ҳозир тайёргарлик бошланган. Рақамли телеканалларимиз кўп. Бундай ўқувлар керак бўлса, телевидениенинг каналлари орқали онлайн режимда амалга оширилади» – дея ҳукумат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ариповга кўра, ўқув муассасаларидаги таътил 2 ҳафта давом этиши режалаштирилган.

Онлайн дарслар

Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, ўқувчилар таътил пайтида билим олишлари учун ЎзМТРК таркибидаги телекомпаниялар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олинади ҳамда эфир вақтлари ажратилади.

Телевизион видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилади.

Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (онлайн мактаб) орқали ҳам намойиш этиб борилади.

Шунингдек, комиссиянинг топшириғига кўра, мактабларда тозалик ва дезинфекция тадбирлари кучайтирилади, таълим муассасаларидаги тиббиёт хоналарини зарурий тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ҳамда дори-дармонлар билан таъминланади.

Ўқитувчилар фаолиятини давом эттиради

ХТВ берган маълумотга кўра, ташкилотлар ва уларнинг ходимлари иш тартибига ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмаган.

«Шундан келиб чиқиб, ўқитувчилар ўқувчилар учун эълон қилинган таътил даврида ўз фаолиятларини давом эттирадилар. Бунда ўқитувчилар баҳорги таътил кунларига режалаштирган ишларини амалга ошириб, педагогик юкламалар доирасида фаолият (мисол учун, методологик ва тайёргарлик ишлари) юритишади, ходимларнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, заруриятга кўра педагогик юкламаларини масофавий тарзда бажарилишига имкон берилади.