Хабарингиз бор, Kun.uz таҳририяти фуқаро Р.Камаловнинг ғайриқонуний равишда тортиб олинган квартирасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди эгалик қилиб келаётгани, фуқаронинг мурожаатлари эса асоссиз равишда рад этиб келинаётгани ҳақида суриштирув олиб бормоқда.
Аввалги мақоламизда таҳририят томонидан мазкур масалага ўз позицияларини билдиришни сўраб, Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказга сўровлар юборилгани айтилган эди.
Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратовнинг ташаббуси билан ушбу масала Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан муҳокама қилинди.
Иш ҳужжатлари билан танишиб чиққан кафедра катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Қамбариддин Меҳмонов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
«Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра, Давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим.
Ушбу кодекснинг 985-моддаси биринчи қисмига кўра, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдор ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасига кўра, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади. Унга мувофиқ, қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.
Модомики, тергов ва суд органларининг ноқонуний қарорлари (ҳаракатлари) натижасида фуқаро Р.Камаловга зарар етказилган экан, бу етказилган зарар тўлиқ хажмда қопланиши шарт.















