- Мусулмон инсон вабо чиққанида қандай манзилда бўлиши керак? Авваламбор, мусулмон киши эътиқодини тўғрилайди. Вабо нима, қаердан келди ва нима учун берилди? Бизнинг ақидамизда вабо – Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг бандаларига баъзан синов учун, баъзида жазолаш учун ва баъзан уларни поклаш учун юборадиган нарсадир.

Бу ҳақда, ватандошимиз Имомул Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Уммул мўминин саййида Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилганлар.
Ҳазрати Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:
«Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан тоъун* ҳақида сўрадим. Шунда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: «У Аллоҳ таолонинг бандаларига олодин юборган бир азоби бўлиб, хоҳлаган бандасига юборар эди. Лекин, мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг раҳматидир. Кимки, мана шу тоъун тарқалганида ўз шаҳрида ёки ўз уйида сабр қилиб, савоб умид қилган ҳолда ва унга Аллоҳ таолонинг ёзганидан бошқа нарса етмаслигига ишонган ҳолда ўтирса, унга шаҳиднинг ажри баробарида ажр берилади», - дедилар».
Бу ҳадиси-шариф айни бизнинг вабо вақтида манзилимизни баён қилган ҳадисдур. Амал қилишимиз керак бўлган ҳадиси-шарифдур. Демак, халқ бундай вазиятда ўз уйида қолмоғи, сабр қилмоғи, сабридан савоб умид қилмоғи ва албатта, ўша вақтда ҳам эътиқодда адашмаслик керак. Эътиқод нима? Бизга Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу таоло ёзгандан бошқа нарса етмайди. Ҳадисга эътибор қилинг, олдин сабабларни қилишга кўрсатма бўляпти, яъни уйингда ўтир, сабр қил, ўша карантин талабларига риоя қил, сўнгра, ақидангни ҳам тўғрила: Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса менга етмайди!
Бундан инсонга, вабодан вафот этиши шарт эмас, тирик инсонга ҳам уйда сабр қилиб ўтиргани, карантинга риоя қилгани учун шаҳиднинг савоби берилади.

Бундай ҳадиси-шарифлар ҳам бор. Оятларда ҳам биз бунга (карантинга) чақириқ топамиз. Масалан, Намл сурасида, Сулаймон алайҳиссаломнинг инсонлар, жинлар ва қушлардан таркиб топган қўшини келаётганида, чумолилар подшоҳи қавмига қарата: «Уйларингга киринглар, Сулаймоннинг қўшини сизларни билмаган ҳолда эзиб, ҳалок қилиб қўймасин», - деган мазмунда. Яъни, оғир вазият пайдо бўлганида, чумолилар подшоси халқига айтаяптики, уйларингга киринглар.

















